Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда аралаш молиялаштириш услубида молиявий манбалардан фойдаланиш истиқболлари
2023-01-06 | Иқтисодиёт
Бугунги ислоҳотларда халқаро тажриба ҳам муҳим ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимиз иқтисодиёти ва молия тизимидаги ҳар бир жараён Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти томонидан таҳлил қилинади.

Яқинда илмий муассаса экспертлари томонидан аралаш молиялаштиришнинг жаҳон тажрибаси ва бу йўналишда юртимизда амалга оширилаётган ишлар таҳлили ҳавола этилди.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти катта илмий ходими Ислом ХУДОЙБЕРДИЕВ тадқиқот натижалари ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди.
– Институтимиз жамоаси барча соҳалар бўйича прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотларни олиб боради, – деди И. Худойбердиев. – Шу билан биргаликда, халқаро тажриба ҳам таҳлил қилинади. Олинган натижалар асосида соҳалар ривожи учун таклиф ва тавсиялар берилади. Яқинда биз аралаш молиялаштиришнинг жаҳон тажрибаси ва бу йўналишда мамлакатимизда амалга ошрилаётган ишларни ўргандик ва таҳлил қилдик.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон 2015 йилдан буён БМТ томонидан илгари сурилган ва 2030 йилга қадар Глобал кун тартибида бўлган Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)ни амалга ошириб келмоқда.
Барқарор ривожланиш мақсадлари ўзида инсоният томонидан 2030 йилга қадар ҳал этилиши лозим бўлган ва бир-бири билан чамбарчас боғлиқ 17 та мақсадни ўз ичига олади. Экспертларнинг фикрига кўра, айни мақсадларни амалга ошриш учун барча турдаги молиявий манбаларни ишга солиш лозим. Биргина давлат маблағлари ҳисобига БРМни амалга оширишнинг имкони йўқ. Баъзи манбаларга кўра, ушбу мақсадларни лойиҳалаштириш учун донор агентликлар ҳамда банклар ёрдамида дунё бўйлаб йилига 500 миллиард доллар миқдорида маблағ жалб этиш зарур.
Ушбу муаммоларни ҳал этиш ва БРМни молиялаштириш учун тижорат маблағларини жалб қилишда аралаш молиялаштиришдан фойдаланиш Ўзбекистон сингари ривожланаётган мамлакатлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Аралаш молиялаштириш – давлат ва хусусий фонд маблағларининг умумий инвестиция дастури ёки битими орқали бирлашишини англатади ва бу жараёнда томонлар ўз тажрибасидан бир-бирини тўлдиришда фойдаланади. Қайд этиш керакки, инвесторлар томонидан ривожланаётган мамлакатларнинг янги бозорларига сармоя киритиш хоҳиши юқори бўлмаслиги айни бозорларнинг айрим хатарлари мавжудлиги билан изоҳланади. Бу жараёнда давлат иштирокининг таъминланиши маълум маънода инвесторлар учун хатарларни камайтириш имконини беради. Ўз навбатида, давлат муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни молиялаштириш орқали барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширади. Ушбу жараёнда учинчи томон сифатида халқаро хайрия фондлари, йирик молия ташкилотлари ҳам иштирок этиши мумкин.
Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида иқтисодиётга 2026 йилга қадар жами 120 миллиард доллар, жумладан, 70 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестицияларни жалб этиш белгиланган. Бу эса янги инновацион молиялаштириш манбаларидан кенг фойдаланишни талаб этади.
Аралаш молиялаштириш ёндашувидан давлат ва ҳомийлик фондлари лойиҳанинг хатарли жиҳатларини камайтириш ҳамда молиялаштириш ҳажмини ошириш ва сармоя қийматини камайтириш мақсадида фойдаланилади.
Масалан, таиландлик тадбиркор К.Ванди "қуёш фермаси" қуриш учун кредиторларга мурожаат қилганида, улар бундай текширилмаган бозорга пул ажратишни истамаган. 2011 йилда тадбиркорга Халқаро молия корпорацияси томонидан жами 8 миллион доллар миқдорида тижорат кредити, шу жумладан, Иқлим инвестиция фонди 4 миллион доллар ҳажмида имтиёзли кредитларни тақдим этди. Бунинг натижасида ушбу соҳага бўлган ишонч ортиб, компания 2015 йилда қўшимча 800 миллион доллар миқдоридаги хусусий сектор маблағларини жалб қилишга эришди.
Бугунги кунда ривожланаётган мамлакатлар аралаш молиялаштиришдан фойдаланиб, барқарор ривожланиш мақсадларига қарийб 172 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилган.
Аралаш молиялаштириш бўйича дунёда етарлича тажриба тўпланган бўлса-да, юртимизда ушбу соҳада дастлабки қадамлар қўйилмоқда.
"Яшил" энергия бўйича БААнинг йирик компанияларидан бири "Masdar" Ўзбекистонда шамол ва қуёш электр станцияларини қуришда аралаш молиялаштиришдан фойдаланган ҳолда жами 154 миллион доллар миқдорида инвестицияларни жалб қилди. Ушбу маблағлар Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Канада иқлим фонди, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Голландия тадбиркорликни ривожлантириш банки томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар асосида шакллантирилди.
Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фондига Европа Иттифоқи, Финляндия, Норвегия давлатлари ва Европа инвестиция банки, Kreditanstalt fur Wiederaufbau банки (Германия) томонидан жами 163,5 миллион доллар миқдоридаги маблағлар аралаш молиялаштириш орқали ажратилди. Ушбу молиявий ресурслар аҳолини тоза ичимлик суви, сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш учун йўналтирилади.
Гарчи, аралаш молиялаштириш тушунчаси она тилимиз лексикаси учун янги термин бўлиб кириб келган бўлса-да, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда айнан аралаш молиялаштириш услубида молиявий имкониятлардан кенг фойдаланишнинг истиқболи юқоридир.
Манба: ЎзА