Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
2023-01-05 | Сиёсат
2023 йил 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқуловни қабул қилди.
Таъкидланганидек, замонавий босқичда Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистон Раҳбарлари ўртасида йўлга қўйилган ишончли ва илиқ мулоқот асносида ҳамкорлик жадал суръатларда ўсиб бораётир.
Олий даражада эришилган келишувлар ижроси жараёни ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Парламентлар, вазирлик ва идоралар, шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари йўналишида бўлиб ўтадиган тадбирларнинг турли жиҳатлари кўриб чиқилди.
Савдо, энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги алоқаларни жадаллаштиришнинг муҳимлиги эътироф этилди.
Томонларнинг халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги мулоқотни давом эттиришга тайёрлиги маълум қилинди.
Қардош халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлган маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги