Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сарҳисоб: 2022 йилда рақамли технологиялар соҳаси катта ўсишга эришди, халқаро рейтингларда сезиларли даражада кўтарилди
2023-01-05 | Технологиялар
Якунланган 2022 йилда мамлакатимизда рақамли технологияларни янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, рақамли технологияларни давлат бошқаруви ва иқтисодиёт тармоқларига кенг жорий этиш ҳамда улар ёрдамида инсонларнинг оғирини енгил қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари соҳа вакиллари билан бир неча марта учрашиб, соҳани ривожлантириш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берди ҳамда Давлат раҳбарининг «Электрон ҳукумат» тизими маълумотларини сақлаш ва қайта ишлаш ягона маркази ва IT-Park қурилган янги биноларга ташрифи амалга оширилди.
АКТ соҳасига киритилган инвестиция ҳажми 1,3 баробарга, соҳа томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми эса 1,25 баробарга оширилиши натижасида аҳоли жон бошига АКТ хизматлар 621 минг сўмни ташкил этди ҳамда қўшимча 29,6 мингта аҳолининг бандлиги таъминланди.
Ҳозирги кунда 31,0 млн. киши Интернет хизматидан фойдаланмоқда, мобил Интернет фойдаланувчилари сони эса 29,5 млн.ни ташкил этди.
Аҳолига қулай ва сифатли алоқани таъминлаш мақсадида:
– халқаро Интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 1,8 баробарга оширилиши эвазига, бир ойда бир фойдалунувчига тўғри келадиган маълумот ҳажми мобил алоқада 8,5 Гбни, симли Интернетда эса 198 Гбни ташкил этди.
– республика бўйлаб оптик-толали алоқа линиялари узунлигини 1,5 баробарга кенгайтириш орқали уларнинг аҳоли яшаш масканларидаги қамров даражаси 80 фоизга етказилди;
– 6,8 мингта қўшимча мобил таянч станцияларининг ишга туширилиши орқали мобил алоқа қамрови даражаси 99 фоизга, юқори тезликдаги мобил Интернет қамрови 98 фоизга етказилди, шунингдек, аввал мобил алоқадан фойдаланиш имконияти бўлмаган 43 та аҳоли яшаш масканида ундан фойдаланиш имконияти яратилди.
Аҳолининг оғирини енгил қилиш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари порталида электрон хизматлар сони 1,2 баробарга, унинг мобил иловасида эса 1,5 баробарга оширилиши эвазига йил бошидан хизматлардан жами 11.5 млн маротаба фойдаланишга эришилди.
Мамлакатнинг жаҳон миқёсида обрўсини юксалтириш, мавқеини мустаҳкамлаш ва шаффофликни таъминлаш учун халқаро рейтингларнинг ўрни муҳим.
2022 йилги халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг рақамлаштириш бўйича ўрни сезиларли даражада кўтарилди.
Хусусан, Жаҳон банкининг «GovTech Enablers» индексига мувофиқ, рақамли кўникмалар ва давлат хизматларидаги инновациялар бўйича мамлакатимиз 2020 йилга нисбатан 65 поғона юқорилади. «GovTech Maturity Index» натижаларига кўра, ҳукумат ва давлат хизматлари сектори бўйича эса 37 поғона юқорилаб, 198 мамлакат ичида рақамли трансформация соҳасида етакчи мамлакатларнинг «А» гуруҳига кирди.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ҳар 2 йилда бир марта ўтказиладиган Электрон ҳукумат рейтингининг (E-Government Survey) жорий йилги натижасида Ўзбекистон бир йўла 18 поғона юқорилаб, «юқори/жуда юқори ривожланувчи» мамлакатлар қаторига кирди.
«Oxford Insights» томонидан ўтказилган «Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индекси» «Government Artificial Intelligence Rea dines Index» таҳлилида 2022 йил мамлакатимиз 160 та давлат ичида 14 поғона юқорилади.
Шунингдек, Буюк Британиянинг «Oxford Insights» ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган «Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индекси»да («Government Artificial Intelligence Rea dines Index») кўрсатилган статистика бўйича Ўзбекистон 160 та давлат ичида 2019 йилда 158-ўринни, 2020 йилда 95-ўринни, 2021 йилда 93-ўрин ва 2022 йилда 79-ўринни (ўсиш +14) эгаллаган.
«Open data Inception»нинг 2022 йилги таҳлилига кўра, дунёнинг 201 та мамлакатлари орасида очиқ маълумотлар манбалари ва улар сони бўйича Ўзбекистон 124 та очиқ маълумотлар манбалари билан 4-ўринни эгаллаган (1-ўрин АҚШ – 641 та манба, 2-ўрин Франция – 381 та манба, 3-ўрин Испания – 307 та манба). 2021 йилда мазкур кўрсаткичда республикамиз 99 та манба билан 5-ўринни эгаллаган.
Буюк Британиянинг халқаро нуфузли Cable.co ташкилоти томонидан 233 та давлат орасида Ўзбекистон Республикаси мобил интернет нархи энг паст бўлган давлатлар қаторига киритилди. Мазкур рейтингда мамлакатимиз 21 ўриндан (2021 йил 1-ярим йилликда) 15 ўринга (2022 йил 1 ярим йилликда) кўтарилди. Бунда давлатимиз Козоғистон, Туркманистон ва Тожикистон давлатларини ортда қолдирди.
Шунингдек, The Economist Intelligence Unit томонидан ҳар йил эълон қилинадиган «Inclusive Internet» индиксида республикамиз ўтган йилга нисбатан 5 поғона кўтарилиб (2021 йилда 66-ўрин) 2022 йилда 61-ўринни эгаллади.
Оокла томонидан давлатларнинг мобил ва симли интернет тезлигини таҳлил қилувчи SpeedTest Global Index эълон қилиниб, ушбу индексда Республикамиз 2021 йил якунида модил интернет тезлиги бўйича дунё давлатлари орасида 128-ўринни ҳамда симли интернет тезлиги бўйича 94-ўринни эгаллаган бўлса, 2022 йил октабр ойи якунига қадар ушбу кўрсаткичларимиз 116-ўринга (модил интернет тезлиги) ва 88-ўринга (симли интернет тезлиги) кўтарилди.
Жорий йилдаги IT экспортидаги кўзланган марра қўлга киритилди. Соҳани таҳлил қилсак, IT Park резидентлари томонидан амалга оширилган экспорт 3,5 баробарга, маҳаллий бозорга кўрсатилган хизматлар 2,5 баробар ўсди.
Ўзбекистонда IT инфратузилмаси яхшиланиши, хорижий компаниялар учун яратилган қулай муҳит натижасида 2021 йилда фаолият олиб бораётган 23 та хорижий IT компаниялар сони жорий йилда 157 тага ошди.
Жорий йил якуни бўйича IT Park резидентлари 1037 тани ташкил қилди. Улардан 306 таси экспортёр, 164 таси дастурчи, 142 таси БПО, 191 таси таълим ва 150 таси хорижий капитал иштирокидаги компаниялар. Таҳлил қилсак, йил бошига нисбатан 7% ўсиш дегани. Улар учун қатор имтиёзлар берилган. Хусусан, ижтимоий солиқдан озод қилиниши, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг 7,5% ставкада белгиланиши, қолаверса, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган дастурий таъминот воситаларини олиб киришдаги божхона тўловлари ундирилмаслиги бундай компаниялар сонини кўпайтирмасдан қолмайди.
Тармоқни ривожлантиришдаги яна бир муҳим йўналиш – бу халқаро ҳамкорлик. Бу борада хорижнинг нуфузли ташкилотлари билан яқин алоқа олиб борилмоқда ва улар ўз сармояларини Ўзбекистонга йўналтирмоқда. Хусусан, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун ёшларнинг имкониятларини қўллаб қувватлаш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг 121 минг АҚШ доллари миқдоридаги гранти, очиқ маълумотлар соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув материалларини яратиш ва ёшларни ўқитиш бўйича Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг 145 минг долларлик гранти шулар жумласидан. Жаҳон банки томонидан ажратилган 1 млрд доллар ҳам мамлакатимиз IT соаҳасининг ривожланишига катта импульс беради.
Кўплаб имтиёзларни ўзида жамлаган «Бир миллион ўзбек дастурчи» лойиҳаси доирасида 2,5 миллиондан ортиқ ёш рўйхатдан ўтиб шу соҳага қизиқиш билдирди. 1 миллион 700 мингдан ортиқ ёш битирув сертификатига эга бўлди.
Жорий йилда Самарқандда ўтказилган халқаро IT форуми ҳам Ўзбекистон IT тармоғи учун самарали кечди. «RevoTech» ва АҚШнинг «Effika Corp» компанияси ўртасида имзоланган 20 миллион долларлик меморандум, 150 млн долларидан ортиқ маблағлик «Toyota Tsusho Corporation» билан имзоланган шартнома, қолаверса, «KOIIA» ташкилоти Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтига 1,65 миллион долларлик сертификат тақдим этгани тармоқ учун катта потенциалга эга. Халқаро ташкилотлар ва компаниялар Ўзбекистоннинг IT хабга айланишдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда.
IT ъда яна бир истиқболли йўналиш – бу фрилансерлик. Ахборот технологиялари кундан кунга ривожланиб, «фрилансерлар»га бўлган талаб ҳам тобора ортиб бормоқда. Жорий йилда фрилансерлар орқали амалга оширилган экспорт ҳажми қарийб 11 млн долларни ташкил қилди. Мазкур соҳада юқори даромадга эга бўлиш билан бирга, кўплаб ёшлар ўзини ўзи иш билан таъминламоқда. Буни рақамларда кўрсак, АКТ соҳасида ўзини ўзи банд қилганлар сони 70 мингдан ортди.
«ITwomen.Uz» лойиҳаси доирасида 205 та IT марказда 4 532 нафар хотин-қиз ўқув курсларини муваффақиятли тамомлади. USED билан ҳамкорликда ташкил этилган “Tumaris.Tech” лойиҳасидан рўйхатдан ўтганлар 4 000 дан ошди. 200 дан зиёд хотин-қизларга таҳсил олиш имконияти яратилди. 33 нафари эса дастурни муваффақиятли тамомлади. Яна бир муҳим лойиҳа – бу “Skil4girls”. UNISEF билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур лойиҳа қизларни ва турли ногиронлиги бўлган хотин-қизларни шу соҳага қизиқтириш ва жалаб қилишда самарали механизм бўлди.
Мамлакатимизни минтақавий IT марказга айлантириш борасида:
24-27 октабр кунлари Самарқанд шаҳри «Silk Road Samarkand» мажмуасида «ICTWEEK Uzbekistan - 2022» ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги ўтказилди.
Унинг доирасида 22 та халқаро тадбирлар бўлиб ўтиб, 15 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Маҳаллий ва хорижий IT-компаниялар ўртасида 200 млн. АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги битим ва шартномалар имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги