Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳукумат ва вазирликлар олдидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди
2022-12-30 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 30 декабрь куни маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш, Ҳукумат таркиби ва иш тизимини ўзгартириш масалалари, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2023 йилдаги энг муҳим вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Йиғилиш аввалида маъмурий ислоҳотлардан келиб чиқиб, Президент фармон ва қарорларига мувофиқ, лавозимларга янги тайинланган Бош вазир ўринбосарлари ва вазирлар эълон қилинди. Улар мутасадди бўлган соҳалардаги долзарб масалалар, халқимиз олдидаги масъулият ва жавобгарлиги кўрсатиб ўтилди.
Йил мураккаб бўлганига қарамай, иқтисодиётда ижобий натижаларга эришилгани қайд этилди. Хусусан, жорий йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 5 фоиздан юқори суръатда ошган. Экспорт ҳажми 14 фоиз ўсиб, 19 миллиард долларни ташкил этган. Иқтисодиётга 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келган.
Ижтимоий соҳада аҳоли бандлигини ошириш ва турмуш даражасини яхшилаш мақсади устувор бўлиб қолмоқда. Бу йил тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага чиқди. Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолини узоқ йиллар қийнаб келган масалаларни ҳал қилишга катта маблағлар йўналтирилди. 2 миллиондан ортиқ кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам берилмоқда. Ҳудудларда таълим ва тиббиёт масканлари, ичимлик суви тармоқлари, йўллар қурилмоқда.
Йиғилишда келгуси йилда ҳам иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш бўйича вазифалар муҳокама қилинди. Хусусан, саноатда 5 фоиздан, қишлоқ хўжалигида 3 фоиздан ва хизматлар соҳасида 14 фоиздан зиёд ўсишга эришиш мақсади белгиланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бизнес учун шароитларни яхшилаш ҳамда солиқ базасини кенгайтириш, аҳолининг харид қобилиятини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига йирик тармоқларда натижадорликни ошириш, саноат бормаган туманлар салоҳиятини ўрганиб, уларнинг “ўсиш нуқталари”ни ишга солиш вазифалари қўйилди. Иқтисодиётни фақат инвестиция ва экспорт олдинга тортиши, келгуси йил экспорт ҳажмини 23 миллиард доллардан ошириш зарурлиги таъкидланди. Умумий қиймати 8 миллиард долларлик 300 дан зиёд лойиҳа ишга туширилиши ва яна 40 та янги йирик лойиҳа бошланиши қайд этилди.
Транспорт соҳасида йўловчи ташиш хизматларини яхшилаш, барча йўлларнинг рақамли харитасини ишлаб чиқиш, йўлларда сервисни кўпайтириш чоралари белгиланди.
Шунингдек, таълим сифатини ошириш, илм-фан, туризм, маданият ва спортни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Соғлиқни сақлаш ва фармацевтикада коррупцияни йўқ қилиш, давлат қарамоғига муҳтож беморлар билан тизимли ишлаш зарурлиги таъкидланди.
– Вазирлар изланиши, бутун тизими билан амалда ўзгариш қилиши керак. Ҳаммамиз оддий ва фидойи бўлиб, халқни севиб, қаттиқ меҳнат қилишимиз зарур. Пировард мақсадимиз – халқимизни рози қилиш, – деди Президент.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда жорий йилда йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти