Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ХВЖ Ўзбекистонни ЖСТга киришда қўллаб-қувватлашга тайёр
2022-12-29 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокаралар гуруҳи раҳбари Бадриддин Абидов Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) Ўзбекистондаги доимий вакили Кевин Росс билан учрашув ўтказди.
Унда Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари ҳам иштирок этди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон томони Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши доирасида амалга оширилган ишлар ва 2023 йилда ушбу жараённи жадаллаштириш бўйича амалга ошириладиган устувор вазифалар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, суҳбат чоғида ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия аъзолари, Музокаралар гуруҳи ва 10 та алоҳида йўналишлар бўйича тузилган ишчи гуруҳлар фаолиятининг жорий натижаларига, шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг мувофиқлаштируви остида Ташкилотга аъзо давлатлар томонидан сўралган барча зарур ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида уларнинг тезкор саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ЖСТга кириш жараёнида техник ёрдам дастурларини амалга ошириш доирасида донор давлатлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш муҳимлиги таъкидланди. Улар иштирокида сўнгги 3 йил давомида 250 дан ортиқ тренинг ва семинарлар ташкил этилди, Ташкилотга аъзо бўлишнинг иқтисодиётнинг турли тармоқларига таъсири бўйича тадқиқотлар олиб борилди ва бошқа тегишли тадбирлар амалга оширилди.
Учрашув якунлари бўйича ХВЖ доимий вакили Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини янада илгари суриш учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги