Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди
2022-12-24 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Уни Олий Мажлис Сенати Раиси – Парламент комиссияси ҳамраиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Мажлисда Парламент комиссияси ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Унда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилиб, шу йил 14 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида маъқулланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисидаги резолюциясидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди.
Мажлисда резолюция лойиҳаси кўп маротаба миллий ва халқаро миқёсда, айниқса, 2021 йилда дунё тарихида илк маротаба Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро форум доирасида 100 дан ортиқ мамлакатдан иштирок этган 500 дан зиёд парламент аъзолари, халқаро парламентлараро ташкилот раҳбарлари ва хорижий экспертлар иштирокида муҳокама қилинганлиги қайд этилди.
Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича Ўзбекистон тажрибаси бутун дунёга намуна сифатида кўрсатилиб, бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг, Иттифоқ президенти Дуарте Пачеко ҳамда БМТ Бош Ассамблеяси
75-сессияси раиси Волкан Бозкир томонидан юқори баҳоланганлиги эътироф этилди.
Барқарор ривожланиш соҳасида олиб борилган барча ислоҳотлар, парламентлараро муносабатларнинг мустаҳкамланиши ҳамда халқаро майдонда Ўзбекистон нуфузининг ортиши БМТга аъзо барча давлатлар томонидан резолюциянинг бир овоздан маъқулланишига имкон берди.
Резолюцияда 13 та устувор йўналиш қамраб олинган. Хусусан, парламентларни қўллаб-қувватлаш, уларни ихтиёрий миллий маърузаларни тайёрлашга жалб қилиш, хотин-қизларнинг қонун чиқарувчи органлар ишида ва парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокига кўмаклашиш, гендер тенгликни таъминлаш, парламентлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш ва таълим олиш механизмларини ривожлантириш каби қатор йўналишлар белгиланган.
Мажлисда алоҳида таъкидланганидек, БМТ Резолюциясининг маъқулланганига кўп вақт ўтмай, миллий парламент экспертлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда ёшлар томонидан 100 дан ортиқ таклиф келиб тушган.
Шундан келиб чиқиб, Парламент комиссияси томонидан резолюцияда белгиланган вазифаларни 2023–2024 йилларда амалга ошириш бўйича 50 дан ортиқ чора-тадбирлар акс этган «Йўл харитаси» лойиҳаси ишлаб чиқилди.
«Йўл харитаси»да ҳар йили Олий Мажлис палаталарида тегишли Бош вазир ўринбосарининг барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича миллий маърузасини эшитиш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижадорлигини, аҳолининг реал ҳаётига таъсирини ўрганиш, аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммолар устидан парламент назоратини кучайтириш каби қатор чора-тадбирлар белгиланган.
Муҳокама якунида БМТнинг резолюциясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Парламент комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди.
Манба: «Халқ сўзи»