Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Афғон халқи Ўзбекистоннинг навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини қабул қилиб олди

2022-12-22 | Жамият

Ҳозирги мураккаб шароитда ён қўшниларимиз, дунёдаги стратегик шерикларимиз бўлган давлатлар, халқаро ташкилотлар билан очиқ ва прагматик, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсатни амалга ошириш кейинги йилларда давлатимиз белгилаб олган вазифаларнинг энг муҳим устувор йўналишига айланди.

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида бу тамойил яна ўз ифодасини топиб, бундан кейин ҳам кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга асосий эътибор қаратилиши таъкидланди.   

Ўзбекистон ҳозирги оғир дамларда Афғонистондаги иқтисодий ва гуманитар инқирознинг олдини олишга эътибор қаратиб, яқин қўшниларимизга беғараз ёрдам кўрсатаётгани ҳам бунга далилдир. 

Мамлакатимиз Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш баробарида ўз ҳудуди орқали бошқа давлат ва халқаро ташкилотларга ҳам Афғонистонга гуманитар ёрдам юбориш имкониятини яратиб берди. Шунга мувофиқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Сурхондарё вилоятидаги йирик «Термиз Карго Маркази» логистика терминалида Афғонистонга ёрдам юкларини юборувчи бош логистика марказини ташкил этди.  

Бугун эрта тонгдан Ўзбекистон Республикасининг биродар афғон халқига навбатдаги инсонпарварлик ёрдам юки ортилган тўққизта махсус юк машинаси «Айритом» чегара божхона пости орқали Афғонистонга жўнатилди. Махсус юк машиналари Сурхондарё билан чегарадош Балх вилоятининг Ҳайратон шаҳрида кутиб олингач, «Астрас» компанияси ҳудудида икки мамлакат расмийлари иштирокида беғараз ёрдамни топшириш маросими бўлиб ўтди.  

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Балх вилояти губернатори Мулло Муҳаммад Довуд Музаммил ва бошқалар ўзбек ва афғон халқларининг узоқ ўтмишга бориб тақаладиган дўстлик, яқин қўшничилик алоқалари сўнгги йилларда янги босқичда қайта тикланганини алоҳида таъкидлади. Ҳозирги оғир пайтда давлатимизнинг ён қўшнимизга кўрсатаётган беғараз ёрдами жафокаш афғон халқини қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётгани айтилди. Кўрсатилаётган ёрдам учун Президент Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорчилик билдирилди. Шунингдек, Сурхондарё ва Балх вилоятлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, Сурхондарё вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш, зиёрат туризмини ривожлантириш каби масалаларда ҳам фикрлашилди.

Бу сафарги инсонпарварлик юки таркибида 48 тонна ун, 30 тонна шакар, 48 тонна буғдой, 15 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг дона консерваланган гўшт маҳсулотлари, 22 тонна макарон, 1000 жуфт эркаклар ва болалар қишки кийим-кечаги, болалар учун 500, эркаклар учун 250 ва аёллар учун 250 жуфт қишки оёқ кийим етказиб берилди.  

Холмўмин Маматраимов

Манба: ЎзА

Поделиться