Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари мустаҳкамланмоқда

2022-12-22 | Сиёсат

Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказдилар.

Ўзбекистон Президенти сўзининг аввалида кўп миллатли халқимиз ва шахсан ўз номидан Қозоғистон Президенти ва қардош халқини яқинда нишонланган Мустақиллик байрами билан табриклади.

Қардош ўзбек ва қозоқ халқлари кўп асрлик дўстлик ришталари билан чамбарчас боғлангани таъкидланди.

- Умумий тарихимиз, маданий ва маънавий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз бизни бирлаштириб туради. Қозоғистон Ўзбекистон учун энг яқин, ишончли ва давр синовидан ўтган ҳамкордир.

Бугунги мураккаб замонда ўзаро муносабатларимиз давлатлараро ҳамкорликнинг намунаси бўла олади, деб ҳеч муболағасиз айтишимиз мумкин, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз бўлиб ўтган музокаралар Ўзбекистон ва Қозоғистон икки томонлама муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш ва бойитиш, уларга сифат жиҳатидан янги амалий мазмун беришга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлаганини таъкидлади.

Қардош халқларимизнинг туб манфаатларига тўлиқ жавоб берувчи Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзолангани ташрифнинг энг муҳим натижаси бўлди.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари даражасидаги Давлатлараро кенгаш тузилмоқда.

- Бу билан бир-биримизни фаол қўллаб-қувватлашга, замон хатарлари олдида елкама-елка қатъий туришга тайёрлигимизни тасдиқладик, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қабул қилинган навбатдаги муҳим ҳужжат - биродар мамлакатларимиз ўртасидаги чегараларнинг ҳуқуқий расмийлаштирилишини тўлиқ якунига етказган Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида шартнома.

- Бу чинакам тарихий воқеа. Ҳеч шубҳасиз, чегараларимиз доимо ҳақиқий дўстлик ва яхши қўшничилик ҳудуди бўлган ва шундай бўлиб қолади, – деди Ўзбекистон Президенти.

Фаол сиёсий мулоқот туфайли барча соҳаларда катта муваффақиятларга эришилгани, кенг кўламли ҳамкорлик жадал суръат билан ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки баробар ошгани ва беш миллиард долларга яқинлашгани бунинг тасдиғидир.

- Биз учинчи мамлакатларнинг қиммат импорти ўрнини ишлаб чиқарувчиларимиз маҳсулотлари билан тўлдириш орқали бу кўрсаткичларни яқин орада каррасига оширишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан Бош вазирлар ўринбосарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳни шакллантириш ва ўрнини босиш режалаштирилаётган маҳсулотларни тизимли етказиб бериш учун қўшма ташқи савдо компаниясини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.

Анъанавий равишда бир-бирини тўлдириб турган тармоқларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари Самарқанд вилоятида иссиқлик электр станциясини қуриш, Тошкент вилоятида комплекс ва фосфорли минерал ўғитлар ишлаб чиқариш, логистика марказини ташкил этиш, Тошкентда уй-жой ва тижорат инфратузилмасини барпо этиш, Қўстанойда автомобиллар ва Қарағанда вилоятида маиший техника ишлаб чиқариш каби йирик лойиҳаларга старт бериб, бу борадаги шериклик ривожига янги суръат бағишладилар.

- Биз, шунингдек, ўзаро манфаатли янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун муҳим майдон бўладиган Халқаро саноат кооперацияси марказини барпо этишга киришамиз, – деди Ўзбекистон Президенти.

Музокаралар чоғида энергетика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Энергетика объектларини қуриш ва модернизация қилиш, геология-қидирув ишларини бажариш, табиий газни чуқур қайта ишлаш борасида янги лойиҳалар амалга оширилиши таъкидланди.

Давлат раҳбарлари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Шу мақсадда икки мамлакат ҳудудларида турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва икки мамлакат бозорларига ўзаро етказиб беришга келишиб олинди.

Кун тартибида транспорт ва логистика масалалари муҳим ўрин эгаллади. Транспорт-транзит салоҳиятини янада ошириш, янги темир ва автомобил йўлларини қуриш лойиҳаларини фаоллаштириш бўйича аниқ чоралар белгилаб олинди.

Давлат раҳбарлари трансчегаравий сув ресурсларидан ҳурмат ва ишонч руҳида биргаликда фойдаланиш борасидаги ҳамкорликни давом эттириш ҳамда Орол фожиасининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

Парламентларнинг роли ортиб бораётганини ҳисобга олиб, қонун чиқарувчи ҳокимият органлари ўртасидаги алоқалар фаоллаштирилади. Келгуси йилда Тошкентда Парламентлараро кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтади.

Президентимиз музокараларда маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштиришга катта эътибор қаратилганини таъкидлади.

Жорий йилда мамлакатларимиз дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини кенг нишонлади. Октябрь ойида Олмаотада “Орол дурдонаси” кўргазмаси, ноябрда Остонада Ўзбекистон маданияти кунлари, декабрь ойида эса Ёшлар конгресси муваффақиятли ўтказилди.

Шу кунларда Ўзбекистонда қозоқ халқининг ардоқли фарзанди Абай Қўнонбоевга бағишланган тадбирлар ўтмоқда.

- Абайнинг ўлмас мероси бугун ҳам минтақамиз халқлари учун, айниқса, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда катта аҳамиятга эга, - деди Шавкат Мирзиёев.

Келгуси йилда ҳам маданият кунлари, қўшма кинофестиваллар, таниқли санъаткорларнинг ижод кечаларини ўтказишга келишиб олинди. Бу қардош халқларимизнинг янада яқин бўлишига, умумий тарихий илдизларимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Қозоғистон бугунги кунда глобал ўзгаришлар марказига айланиб бораётган минтақамизда тараққиёт ва равнақни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришини таъкидлади.

- Марказий Осиёда кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш умумий барқарор тараққиётнинг кафолатидир, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказиб бориш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Ўтказилган музокараларда нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида мамлакатларимиз илгари сураётган ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Умумий манфаатлар мавжудлигини ҳисобга олиб, томонлар БМТ, МДҲ, ШҲТ, ТДТ, ИҲТ, ОҲИЧК доирасида ҳамда “Марказий Осиё плюс” форматидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.

- Қозоғистон Республикаси Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи давомида икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги – стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилгани бизни жуда хурсанд қилади.

Муносабатларимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракат ва имкониятларни йўналтирамиз, - деди сўзининг якунида Шавкат Мирзиёев.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться