Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Академия ректори халқаро конференцияда иштирок этмоқда
2022-12-22 | Жамият
Марокаш подшоҳлигининг Работ шаҳрида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO)нинг халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов ҳам иштирок этмоқда, дея хабар бермоқда Академия Ахборот хизмати. Конференция «Мусулмон дунёсида тараққиётнинг стратегик индикаторлари: Билим индикатори модель сифатида» мавзусидаги 1-маслаҳатлашув учрашуви билан ўз ишини бошлади.
Таъкидлаш жоиз, ташкилот 1979 йилда ташкил топган бўлиб, бош қароргоҳи Марокаш давлати пойтахти Работ шаҳрида жойлашган. Ташкилот томонидан аъзо давлатлар ўртасида таълим, фан, маданият ва коммуникация соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқлар ҳамда динлар ўртасида дўстона муносабатларни ўрнатишга муҳим эътибор қаратиб келинмоқда. Ислом олами ва дунё тамаддуни ривожида Ўзбекистон Республикасининг ўрни беқиёс бўлгани боис ICESCO ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда.
Очилиш сессиясида ICESCO Бош директори Салим ал-Маликнинг мурожаати тингланди. Ўз навбатида Муҳаммад ал-Мактум фонди ижрочи директори, профессор Жамал бин Ҳувайреб, ҳамда УНДП бош техник маслаҳатчиси ва билим лойиҳаси директори Хани Турки анжуман иштирокчиларига мурожаат йўлади.
Шундан сўнг «Билим жамиятларини қуришни ва баҳолашни муҳокама этиш энг муҳим муаммолари бўйича» сессияси ўтказилди.
Расмий тадбирлардан сўнг Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийрати ва ислом цивилизацияси халқаро кўргазмаси ва музейига ташриф ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, бгугун конференция ўз ишини турли мавзуларга бағишланган семинарлари билан давом эттиради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита