Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ хўжалигини мeханизациялашнинг инновацион йўналишлари таҳлил қилинди
2022-12-20 | Фан
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида вазирликнинг бошқарма бошлиқлари, етакчи мутахассислари ва Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти олимлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Қишлоқ хўжалигини механизациялаш фани ва амалиётининг инновацион йўналишларига бағишланган давра суҳбатида соҳага оид илмий ишланмаларни амалиётга жорий этишда маркетинг механизмларидан кенг фойдаланиш, фан ва техника ютуқларини истеъмолчиларга қисқа фурсатда етказиш учун ҳудудий дала кўргазмалари, фермер ва механизаторлар иштирокида ўқув семинарларини ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.
Тадбирда Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти директорининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари Муҳаммад Тошболтаев олимлар томонидан пахтачилик, ғаллачилик, сабзавотчилик, боғдорчилик, чорвачилик, деҳқон хўжаликлари ва томорқа учун яратилган янги машиналар ва уларни «Чирчиқ қишлоқ хўжалиги машинасозлик кластери» да саноат усулида ишлаб чиқаришнинг зарурати ҳақида мулоҳазаларини билдирди.
Бугунги кунда фермер хўжаликлари ва агрокластерларни тежамкор, ҳамёнбоб, рақамли бошқариладиган технологиялар билан таъминлаш давр талаби. Бу ўз навбатида янги техникаларни лойиҳалаштириш, намуналарни яратиш ва дала синовларидан ўтказиш ишларини тизимли йўлга қўйишни тақозо этади.
Тадбир сўнггида халқаро грантларни жалб қилиш орқали машиналарнинг экспортбоплигини таъминлаш, соҳада «фан-ишлаб чиқариш» интеграциясини янада мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Давра суҳбатида муҳокама этилган масалалар бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги