Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Амалий натижаларга эришиш якдил мақсадимиздир
2022-12-16 | Таълим
Бугун Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ким Хи-Сангни қабул қилди.
Дастлаб вазир меҳмонни элчиликка янги тайинлангани билан самимий қутлаб, барча соҳалар қатори олий таълимдаги алоқалар ҳам ривожланиб бораётганини алоҳида қайд этди.
Таъкидланганидек, бугун Ўзбекистоннинг кўплаб олий таълим муассасалари Жанубий Корея университетлари билан қатор йўналишларда алоқаларни ўрнатиб, бу манфаатли ҳамкорлик талабалар, профессор-ўқитувчилар алмашинуви, малака ошириш, кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурлари асосида янада ривожланмоқда.
Охирги йилларда Ўзбекистонда кўплаб хорижий олий таълим муассасалари очилиб, улар орасида Корея 2-ўринда. Ҳозирда Жанубий Корея университетларининг 5 та филиали самарали фаолият олиб бормоқда. Уларда транспорт, машинасозлик, архитектура ва қурилиш, геология, инновацион технологиялар, металлургия, энергетика, қайта тикланадиган энергия манбалари технологиялари учун юқори малакали кадрлар тайёрланяпти.
Биз олий таълим соҳасида ўрнатилган ҳозирги пойдевордан фойдаланиб, профессионал таълимда ҳам алоқаларни янги босқичга кўтаришдан манфаатдормиз, – деди вазир.
Ўз навбатида, Элчи ҳам икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик муносабати ҳақида тўхталиб, олий ва ўрта махсус таълим тизими масъуллари билан 3 та йўналиш бўйича алоқаларни янада кучайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди. Жумладан, Ўзбекистон таълим муассасаларида корейс тилини ўргатишни кенгайтириш, Корея-Ўзбекистон университетлари ҳамкорлигини кучайтириш, касб-ҳунар таълимни ривожлантириш.
Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизнинг 14 та таълим масканида Жанубий Кореянинг KOICA ташкилоти кўнгиллилари ёрдамида корейс тили ўқитилмоқда. Галдаги вазифа эса қатор танловлар, кўргазмалар ўтказиб, ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Шунингдек, ҳозирда Корея олий таълим муассасаларида 8 мингдан зиёд ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олаётгани ҳақида ҳам маълумот берилди.
Мулоқот сўнгида 2023 йил Ўзбекистон-Корея ректорлар илк форумини ўтказиш таклиф этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги