Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Миллий авиакомпанияни трансформация қилишга оид таклифлар кўриб чиқилди
2022-12-14 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев 14 декабрь куни “Uzbekistan airways” акциядорлик жамиятини трансформация қилишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 апрелдаги қарорида фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш бўйича вазифалар белгиланган эди. Бу борада илғор хорижий тажриба ўрганилмоқда, етук консультантлар жалб этилмоқда.
Хусусан, “Uzbekistan airways” акциядорлик жамиятини ислоҳ қилиш бўйича туркиялик мутахассис Илкер Айжи жамоаси билан иш олиб борилмоқда. У “Турк ҳаво йўллари” авиакомпаниясини бошқарган кезда уни минтақавий даражадан глобал миқёсга муваффақиятли олиб чиққан.
Бугун “Uzbekistan airways” олдига ҳам шундай вазифа қўйилган. Мамлакатимизнинг географик жойлашуви ва соҳа инфратузилмасидан оқилона фойдаланиб, уни халқаро транспорт хабига айлантириш кўзда тутилган.
Тақдимотда давлатимиз раҳбарига “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни трансформация қилиш ва ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган стратегия ҳақида ахборот берилди.
Унга мувофиқ, авиакомпанияга халқаро тажриба асосида корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, ҳаво кемаларини кўпайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва юк ташиш тармоғини кенгайтириш чоралари кўрилади. Хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда авиакомпанияни жаҳон стандартлари асосида хусусийлаштириш ишлари якунига етказилади.
Булардан кўзланган асосий мақсад “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни етакчи минтақавий авиакомпанияга айлантириш, шунингдек, аҳолининг маҳаллий ва халқаро йўналишларда арзон нархларда ҳаракатланишини таъминлашдан иборатдир.
Президентимиз бу режаларни маъқуллаб, унинг ижросига тезроқ киришиш кераклигини таъкидлади.
– Бу соҳада ўн йилга кечикканмиз. Авиакомпания эскича услубда ишлаяпти, йўловчилар хизмат сифатидан рози эмас. Агар иқтисодиётимизни, туризмни ривожлантирамиз десак, яккаю ягона йўлимиз шу, – деди Шавкат Мирзиёев.
Авиакомпанияда лойиҳа офиси тузиб, транформация жараёнини мувофиқлаштириб бориш бўйича тавсиялар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти