Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ИТСВ, ОТП банк ва «Ипотека-банк» АТИБ раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди
2022-12-12 | Жамият
Жорий йилнинг 12 декабрь куни «Hilton Tashkent City» меҳмонхонасида Венгрия ОТП банки томонидан Ўзбекистон «Ипотека-банк» акциядорлик тижорат ипотека банки сотиб олиниши бўйича шартнома имзоланишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Брифингда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев, ОТП Банк гуруҳи директорлар кенгаши раиси, бош ижрочи директори Шандор Чани ва «Ипотека-банк» бошқаруви раиси Элёр Иномжонов сўзга чиқди.
Шартноманинг имзоланиши Ўзбекистон раҳбарининг октабр ойида Будапештга ташрифи ва жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган қўшма бизнес-форумдан сўнг ривожланишга кучли туртки бўлган кўп қиррали Ўзбекистон-Венгрия муносабатларининг кейинги йилларда изчил кенгайиши самараси экани таъкидланди.
Европанинг етакчи банкларидан бирининг Ўзбекистон бозорига кириш истиқболларини ҳар томонлама таҳлил қилган икки томон мутахассислари гуруҳларининг катта ва машаққатли меҳнати ҳам алоҳида таъкидланди.
Сўзга чиққанлар «OTP bank» томонидан «Ипотека-банк»ни сотиб олиниши икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, Венгриянинг бошқа йирик банк ва компанияларига ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, мамлакатимизда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиш имконини беришига ишонч билдирди.
Ўзбекистон банк секторида ОТП банкнинг мавжудлиги Ўзбекистон банкларининг трансформацияси, рақобатни ривожлантириш, рақамлаштириш ва банк хизматларини кўрсатиш учун катализатор бўлишига қатъий ишонч билдирилди. Умуман олганда, банк хизматлари сифатини яхшилаш, шунингдек, Венгрия ва Европа бизнеслари учун Ўзбекистонга сармоя киритиш учун кучли сигнал бўлиб хизмат қилади. Венгрия томони янгиланган стратегиялар, замонавий банк маҳсулотлари, корпоратив бошқарув ва рискларни бошқаришнинг илғор стандартларини жорий этишга тайёрлигини билдирди.
Венгрия бизнесининг прагматик ёндашуви ва унинг Ўзбекистондаги ўзбек ҳамкорлари билан муносабатларни кенгайтириш истаги юқори баҳоланди. Ўзбекистон томони қўшма ташаббусларни, ҳар икки давлатнинг узоқ муддатли манфаатларига жавоб берадиган ҳамкорликни изчил ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Анжуманда савол-жавоб ҳам бўлиб ўтди, унда ОАВ вакиллари шартноманинг ўзларини қизиқтирган жиҳатлари бўйича батафсил маълумотлар олди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги