Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Туркманистон: дўстлик, қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш руҳидаги стратегик шериклик
2022-12-12 | Иқтисодиёт
Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида “Мулоқот – тинчлик гарови” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Сенат раиси бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.
Тадбирда БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг ижрочи котиби О.Альгаерова, ЕИ Марказий Осиё бўйича махсус вакили Т.Хакала, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти аъзолари ҳамда бошқа нуфузли халқаро ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари иштирок этди.
БМТ Бош котиби А.Гутерришнинг конференция иштирокчиларига ўқиб эшиттирилган мурожаатида БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари бундан кейин ҳам Марказий Осиё давлатларининг тинчлик ва хавфсизликни, умуман, барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган глобал саъй-ҳаракатлари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашда давом этиши таъкидланди. Форумда Ўзбекистон Сенати раиси Т.Норбоева Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар қардош халқларнинг кўп асрлик дўстлиги, яхши қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш руҳидаги стратегик шериклик характерига эга эканини таъкидлади.
Умумий сиёсий ирода ва олий даражадаги ишончга асосланган мулоқот Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг асосий кафолатидир.
Ўз навбатида, Туркманистон томонидан Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси беқиёс экани, икки давлат раҳбарларининг кейинги йиллардаги саъй-ҳаракатлари туфайли икки томонлама туркман - ўзбек алоқалари мутлақо янги босқичга кўтарилгани таъкидлаб ўтилди.
Давлатлар ўртасида парламентлараро ҳамкорлик, шунингдек, Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти доирасидаги ўзаро ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон Сенати раиси мулоқот доирасида минтақада хотин-қизлар ҳуқуқларини илгари суришда муҳим роль ўйнамоқда.
Конференция ялпи мажлиси ҳамда “Мулоқот – низоларнинг олдини олиш асоси”, “Мулоқот орқали озиқ-овқат ва экологик хавфсизликни мустаҳкамлаш”, “Кибермаконда кўп томонлама ҳамкорлик ва онлайн тармоқларнинг халқаро мулоқотни барпо этишдаги роли” мавзуларидаги учта сессияда халқаро ҳамкорликни кучайтиришнинг амалий жиҳатлари ҳамда ушбу йўналишлардаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Манба: ЎзА