Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Давлат мадҳияси бу Ватаннинг овози

2022-12-10 | Маданият

Ҳар тонг юртимизни мамлакатимиз мадҳияси уйғотади. Мана ўттиз йилдан буён бу мусиқа ер юзида халқимиз ғурури, ифтихори, шону-шавкати тантанасини намоён этиб келмоқда. Бухоро вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги кенг нишонланди.

Сана муносабати билан Ўзбекистон мадҳияси бастакори, беназир истеъдод соҳиби, Мутаваккил Бурхоновнинг Бухоро шаҳри “Абу Ҳафс Кабир” зиёратгоҳидаги қабрига гул қўйиш маросими ўтказилди. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят ва шаҳар бўлими, олий таълим муассасалари, бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.  

Буюк композитор  альбомидаги лирик романслар, жозибали бадиий симфоник асарлар, “Абу Али Ибн Сино”, “Сурайё”, “Мафтунингман” сингари кинофильмларга басталанган   мусиқий  дурдоналари  айниқса  ўзбек мусиқа санъатининг олтин фондидан ўрин олган  “Алишер Навоийга қасида” номли операси катта шуҳрат қозонган.  Ўзбек мусиқа санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган буюк композитор, Ўзбекистон халк артисти Мутаваккил Бурхонов 1916 йилда Бухоро шаҳрида туғилган.  

Мутал Бурхонов  мадҳия ҳақида қуйидаги сўзларни ифтихор билан айтган: “Мен бир нарсадан фахрланаман, менинг мусиқам бутун дунё бўйлаб янграганида не-не инсонлар ўрнидан туриб қуллуқ қилади… Бунинг маъноси катта, улар менинг санъатим қаршисида эмас, Ватаним Ўзбекистоннинг салобатли овози қаршисида бош эгадилар. Давлат мадҳияси бу Ватаннинг овози… Менга яратган эгам ўша овоз оҳангларини қалбимга жойлагани ва бу оҳангни ўзга қалбларга етказа олишим учун йўл берганига беадад шукроналар айтаман…”

Дарҳақиқат Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мустақилликка эътиқодни тарғиб қилади. Унинг матни фуқароларимизни мустақил давлат қуриш йўлида матонат ва жасоратга, сабр-тоқат ва фидокорликка, ташаббускорлик ва курашга чақиради, миллий ғурурни уйғотади. Мадҳиямиз байрамлар, сиёсий чиқишлар, спорт анжуманлари, расмий давлат қабуллари, аҳамиятли митинглар, турли давлат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш маросимлари ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда ижро этилиб, давлат суверенитетига эътиқод ва ҳурматни расмий мусиқа ҳамда матн билан ифода этади.

Мадҳиямиз мамлакат мустақиллиги, халқ озодлиги давлатнинг буюк келажаги ҳақида куйлайдиган, фаровон жамият қурилиши йўлида фидокорона меҳнат, бунёдкорлик ва тадбиркорликка руҳ бағишлашга хизмат қиладиган истиқлол рамзидир. Юртимиз вакиллари иштирок этадиган халқаро миқёсдаги сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақаларида мазкур шукуҳли тарона жаранглаганда қалбимиз фахр ифтихорга тўлади.

Юксак ватанпарварлик туйғусини мужассам этган мадҳиямиз бугун таълим масканларида ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда. Энди ҳарф таний бошлаган жажжи фарзандларимиз миллатимизнинг бош қўшиғини куйлай бошлаганида севинчдан ҳаяжонга тушамиз. Бундай лаҳзаларда халқ ва Ватан улуғланган қўшиқ инсонлар қалбига юксак ва беғубор туйғуларни жо этишга, бу ёруғ оламни янада мунаввар кўрсатадиган илоҳий мўъжиза эканлигига яна бир бор амин бўламиз. Юртнинг энг улуғ қўшиғини эъзозлаш, ёд олиш ва баралла куйлаш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир.

Ҳар тонгни мадҳиямиз садолари билан қарши оламиз. Қалбимизда янги кунга, истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик, келажакка қатъий ишонч туйғуси жўш уради. Демак истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверади.

Шунингдек, тадбир давомида Бухоро шаҳрининг Баҳоуддин Нақшбанд кўчасида жойлашган Мутаваккил Бурхоновнинг уй музейига ҳам саёҳат ташкил этилди.  Уй-музей Бухоро давлат бадиий меъморчилик музей-қўриқхонасининг филиали мақомида ташкил этилган бўлиб, бу ерда бастакор ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ 2 мингдан ортиқ фото суратлар, турли ҳужжатлар, мусиқа асбоблари, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари жамланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда ташкил этилган Мутал Бурхонов уй-музейида бастакорнинг болалик йилларини акс эттирувчи фотосуратлар, ижод хонасида чолғу асбоблари, эсдалик совғалар, китоблар, ҳужжатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг ноталари билан ёзилган нусхаси, унинг ижодини эътироф этиб тақдирланган орден ва медаллари, давлат мукофотлари омма эътиборига ҳавола қилинмоқда.

Музей “Мутал Бурхонов умр йўли”, “Бастакор ижод хонаси”, “Эътироф, эҳтиром”, “Мусиқа тарихи” каби бўлимлардан иборат. Уй-музейида Марказий Осиёда мусиқа санъати ривожига оид ҳужжатлар, ХVIII асрда Бухорода шаклланган “Шашмақом”нинг дастлабки нотага солиниши, у билан боғлиқ илк тадқиқотлар, Ўзбекистон мадҳияси мусиқасининг яратилиш жараёни акс этган лавҳалар кўпчиликни қизиқтириши табиий.

Тадбир Бухоро давлат университетида давом этди.  Унда Бухоро давлат университети ректори Обиджон Хамидов, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Марҳабо Пардаева ва бошқалар сўзга чиқди.    

Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,

Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон.

Яшнагай тоабад илму фан, ижод,

Шуҳратинг порласин, токи бор жаҳон…

Ана шундай сатрлар билан бошланувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграб, байроғимиз бошимиз узра ҳилпираганда, озод Ватанимизга нисбатан қалбимизнинг туб-тубида ғурур пайдо бўлади. Ҳурмат-эътибор кучаяди, фахр-ифтихор ҳисси жўш уради. Бу муаззам садо азму шижоатли халқимизнинг руҳига руҳ, кучига куч бағишлаб, янгидан-янги бунёдкорлик ишларига даъват этади дея таъкидланди тадбирда.

Мадҳия фақат мадҳ этиш учун эмас, балки эътиқоднинг ифодаланишидир. Давлат рамзларида халқнинг азалий орзулари, унинг эзгу ниятлари, бугунги ҳаёт мазмуни акс этади. Давлат мадҳиясининг ҳуқуқий мақоми махсус қонун билан мустаҳкамланиб, унинг мақсади давлат суверенитетига бўлган эътиқоднинг расмийлигини таъминлаш, давлат суверенитетининг идрок қилиниши учун матн ва мусиқа ёрдамида ифодалашдан иборатдир.

Сана муносабати билан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида, корхона, ташкилотларда, таълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.  

Зариф Комилов

Манба: ЎзА

Поделиться