Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хитой ҳукумати делегациясининг ташрифига доир
2022-12-10 | Сиёсат
Жорий йилнинг 9-10 декабрь кунлари Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири ўринбосари Ху Чуньхуа бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди.
Вазирлар Маҳкамасида 9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Ху Чуньхуа бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашувда тобора юқори суръат билан ривожланаётган икки томонлама муносабатларнинг бугунги даражага кўтарилишида Давлатларимиз раҳбарларининг ўртасидаги самимий, дўстона ва ўзаро ишонч тамойилларига асосланган муносабатлар муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Қайд этилганидек, Хитой анъанавий равишда мамлакатимизнинг етакчи ва ишончли ҳамкорларидан биридир. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. 2021 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси қарийб 8 млрд долларни ташкил этди. Давлатларимиз Раҳбарлари ушбу кўрсаткични тез орада 10 млрд долларга етказишни белгилаб берган.
Инвестиция ва замонавий технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланяпти.
Бугунги кунда мамлакатимизда 2 100 дан зиёд Хитой капитали иштирокидаги корхона фаолият юритяпти. Биргина 2022 йилнинг ўтган 10 ойида Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида 218 та янги корхона ташкил этилди.
Учрашувда савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.