Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг Жанубий Хитой бозорига экспорти ҳажмини ошириш истиқболлари муҳокама қилинди
2022-12-07 | Иқтисодиёт
Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси ҳамда Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Жанубий Хитой ҳудудидаги Гуандун Озиқ-овқат маҳсулотлари импорти уюшмаси (Guangdong Imported Food Association - IFA) билан биргаликда Хитой бозорига кириш ва манфаатли экспорт шартномалари тузишга бағишланган онлайн семинар-тренинг ташкил этилди.
400 дан ортиқ йирик импортёрларни ўз ичига олган IFA кўп йиллар давомида импортчилар, дистрибюторлар, супермаркет тармоқлари ва янги чакана савдо тармоқларини ўз атрофида бирлаштириб келади. Уюшма, шунингдек, хорижий брендлар, экспортчилар ва ишлаб чиқарувчиларга Хитой бозорини ўзлаштиришга яқиндан ва манзилли кўмак кўрсатади.
Мамлакатмизнинг 20 дан ортиқ экспортёр компаниялари вакиллари иштирок этган ушбу семинар-тренинг давомида Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси ва «Guangdong Imported Food Association» ўртасида ўзаро ҳамкорлик битими имзоланди. Хужжатни Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси раиси Ё.Маликов ва IFA президенти В.Чи имзолади.
Ушбу келишув воситасида томонлар иштирокида мамлакатимиз экспортчи корхоналарига Хитой худудлари импортёрлари билан ўзаро алоқалар ўрнатиш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ҳамда қайта ишланган маҳсулотлар экспорти ҳажмини оширишга яна бир қулай платформа яратилди.
IFA президенти В.Чи ўзи раҳбарлик қилаётган уюшма Ўзбекистоннинг Гуанчжоудаги Бош консулхонаси ва Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси билан биргаликда «B2B» ва «B2C» шаклидаги тадбирларни ташкил этишга ҳозирлик кўраётганини билдирди.
«Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳақида Хитойда хабардорликни ошириш ва товарлар экспортини кўпайтириш орқали ўзаро савдони янги босқичга кўтариш мумкин. Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда маданий ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш уюшмамиз учун катта шарафдир», деди IFA президенти.
Тадбирда Бош консул Отабек Валиев хорижий томонни мамлакатимиз савдо-иқтисодий имкониятлари, инвестиция салоҳияти, ҳамда тадбиркорлик учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан яқиндан таништирди.
Дипломат сўнгги йилларда икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам учрашувлар ва олиб борилаётган очиқ прагматик сиёсат барча бизнес вакилларига кенг йўл очиб бераётганлиги қайд этди. У шунингдек, иқтисодий дипломатия йўналишида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги, хориждаги дипломатия ваколатхоналари томонидан мамлакатимиз экспорт ҳажмини оширишга қаратилган манзилли ишлар ва аниқ тадбирлар тизимли ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Семинар-тренинг якунида Ўзбекистон корхоналари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга Хитой томонидан батафсил жавоблар олишди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги