Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пахтачилик соҳаси мутахассислари Мисрда малака оширмоқда
2022-12-02 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 29 ноябрдан 9 декабрига қадар Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг 15 нафар пахтачилик соҳаси мутахассислари Мисрдаги Пахтага ихтисослашган Халқаро ўқув марказда бепул ўқув-курсини ўтамоқда.
Мазкур ўқув курслари Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги делегациясининг 2022 йил 5-7 октябрь кунлари Миср Араб Республикасига амалга оширган хизмат сафарида мамлакатимизнинг Қоҳирадаги Элчихонаси томонидан Миср Пахта арбитражи ва синови бош ташкилоти (CATGO) раиси Муҳаммад Ҳалил Хидр билан учрашув ташкил этилиб, жорий йилнинг ноябрь – декабрь ойларида ташкилотнинг Пахтага ихтисослашган Халқаро ўқув марказида ўзбекистонлик соҳа мутахассислари учун қисқа муддатли ўқув-курсини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Мисрнинг пахтачиликка ихтисослашган CATGO ташкилоти 1965 йилда ташкил этилган. Ушбу марказнинг асосий вазифаси узун ва мустаҳкам толали пахта сифатини сақлашдан иборат. Марказда мутахассислар учун
7-30 кунлик ўқув курслар ташкил этилади. Уларда пахта навларини ажратиш ва классификация қилиш, намуналар асосида махсус текширувлар ўтказиш, намликни аниқлаш, тозалаш, зараркунандаларга қарши курашиш, йигирув ва тўқув маҳсулотлари сифатини белгилаш, пахта вазнини ўлчаш, маркетингини амалга ошириш, экспортига оид масалалар ва бошқа долзарб дастурлар бўйича касбий таълим шунингдек, малака ошириш бўйича машғулотлар олиб борилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги