Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Номоддий маданий меросимизнинг яна иккита элементи UNESCO рўйхатига киритилди
2022-12-02 | Маданият
Марокаш давлатининг Работ шаҳрида бўлиб ўтаётган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитанинг 17-сессияси Ўзбекистон учун муҳим маданий воқеа бўлди. Ўзбекистон томони иштирокида иккита кўпмиллатли элемент Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди.
Ўзбекистон томонидан Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия билан биргаликда «Ипакчилик ва тўқув учун анъанавий ипак ишлаб чиқариш» номли биринчи файл тақдим этилди. Иккинчи номинация «Хўжа Насриддин ҳақидаги латифаларни такрорлаш анъаналари» деб номланган бўлиб, Ўзбекистон томони Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия билан ҳамкорликда тайёрлаган.
Қўмитанинг баҳолаш комиссияси номзодлик ҳужжатларини тайёрлашда иштирок этаётган давлатларнинг биргаликдаги фаолиятини юқори баҳолади ва уларнинг Вакиллик рўйхатига киритиш учун барча мезонларга мувофиқлигини қайд этди.
«Давлатимиз раҳбари бошчиликларида мамлакатимизнинг бой номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш ва уни кўпайтириш йўлида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Яна икки анъанамизнинг UNESCO рўйхатидан жой олиши бунинг яққол далилидир, – дейди Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистоннинг UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимов. – Бу йўналишда Ўзбекистоннинг UNESCO даги доимий вакили Умид Шадиевнинг саъй-ҳаракатлари алоҳида таҳсинга сазовордир».
Тадбир давомида номинациялар тақдимотида маданиятларни бойитиш, маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, ўзаро ҳурмат ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашдаги унсурларнинг тарихий ўрни ва аҳамиятини атрофлича очиб берувчи видеофильмлар намойиш этилди. Тадбир иштирокчилари ипак етиштиришнинг анъанавий технологиялари, кейинги йилларда Ўзбекистонда ипакчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган салмоқли ишларга алоҳида эътибор қаратдилар. Аҳоли орасида машҳур ва севимли фольклор қаҳрамони саналган Хўжа Насриддиннинг Бухоро шаҳрида қад ростлаган ноёб ҳайкали катта қизиқиш уйғотди.
Таъкидлаш керакки, Репрезентатив рўйхатга киритилган Ўзбекистон элементларининг умумий сони 11 тага етди. Илгари бу рўйхатга «Бахши», «Лазги», «Палов», «Аския», «Миниатюра», «Наврўз», «Шошмақом» ва бошқалар киритилган эди. Атлас ва адрас тайёрлашнинг анъанавий технологияларини сақлаш бўйича Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази Номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш бўйича етакчилар реэстридан жой олган.
Маълумот учун, энди янги элементлар халқаро миқёсда бутун инсоният меросининг ажралмас қисми сифатида тавсифланади ва бу номоддий маданий мероснинг ушбу турларини эътироф этиш ва кенг тарғиб қилишни сезиларли даражада оширишга хизмат қилади. Ўз навбатида, UNESCO ушбу элементларни турли лойиҳаларни амалга ошириш орқали тарғиб қилади.
Сессия 3 декабргача давом этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги