Ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада яхшилаш мақсадида Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида жойлашган Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалида инкубация ва акселерация маркази ташкил этилди.
Марказнинг очилиш маросимида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки, Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги, ОТМ профессор ўқитувчилари ҳамда фаол ва иқтидорли талаба-ёшлар иштирок этишди.
Бугунги кунда таълим тизимини ислоҳ қилишда олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва IT Park лар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу ташкил этилган Инкубация ва акселерация маркази олий таълим муассасасида илғор стартап ғоялар ва инновацион ишларни мониторинг қилиш, танлаш ва инкубасия қилиш вазифаларини бажаради.
Шунингдек, ёшларнинг стартап жамоаларини шакллантириш, лойиҳа фаолиятига тайёрлаш бўйича инновациялар соҳасидаги ёшлар ташаббусларини аниқлаш, жамоаларни қўллаб қувватлаш, талабалар ва ёш олимларнинг илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмаларини ривожлантиришга кўмаклашади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги