Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Зойир Мирзаев Бекобод Шаҳридаги қурилиш жараёнларини кўздан кечирди
2022-12-01 | Жамият
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Бекобод шаҳридаги ижтимоий соҳа объектларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳамда куз-қиш мавсумининг беталафот ўтказилиши бўйича ишлаб чиқилган манзилли чора-тадбирлар билан танишди.
Хусусан, вилоят етакчиси мазкур шаҳар ҳудудида бунёд этилаётган ихтисослаштирилган мактабдаги якуний ишларни бориб кўрди.
Тез кунларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган мазкур замонавий таълим даргоҳида ўқувчилар учун барча шароитлар яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги ПФ-106-сон фармони ижросини таъминлаш мақсадида, Бекобод шаҳрида 336 ўринга мўлжалланган ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди.
Бугунги кунда мазкур объектда демонтаж ишлари 100, пардозлаш ишлари 100, электр ишлари 95 фоизга бажарилган.
Мазкур мактабга жами 22 нафар юқори малакали ўқитувчилар танлов асосида қабул қилинган.
Педагог ходимларнинг 5 нафари олий тоифа, 9 нафари 1 тоифа, 8 нафари 2 тоифага эга муаллимлардир. Ўқув йили давомида ҳар ойда маълум фан йўналишларида “Фан ойлиги” ташкил этилиб, ойлик давомида фан ўқитувчилари ва ўқувчилар томонидан креатив ёндашув асосида дарс машғулотлари, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида барча фанлардан тўгарак машғулотлари йўлга қўйилган.
Ўрганиш давомида шаҳар марказий шифохонаси ҳамда болалар шифохонаси бинолари ҳам кўздан кечирилиб, иссиқлик билан таъминланганлиги, шунингдек, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида мазкур муассасалар ҳудудида экилган мевали ва манзарали дарахтлар, умуман, ҳудуднинг санитария-гигиеник ҳолати бўйича мутасаддиларга тавсия ва қўшимча вазифалар берилди.
Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги