Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон - САП: инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш йўлида
2022-11-28 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ билан видеоконференсалоқа орқали учрашув ўтказди.
Йиғилишда Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил август ойида Саудия Арабистони Подшоҳлигига ташрифи чоғида имзоланган инвестициявий битимларни амалга оширишнинг жорий ҳолати ва уни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Музокараларда икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Томонлар кўп қиррали икки томонлама муносабатлар кун тартибини кўриб чиқиб, мавжуд ижобий динамика икки давлат раҳбарияти ўртасидаги ишончли муносабатларга асосланганлигини таъкидладилар. Шу нуқтаи назардан эришилган келишувларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёрлик билдирилди.
Энергетика соҳасида сармоявий ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Ҳозирда ACWA Power компанияси умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ ва қуввати 4,1 ГВт дан ортиқ бўлган 5 та лойиҳани амалга оширмоқда. Лойиҳаларни жорий этишни жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш, шунингдек, қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантиришни ўз ичига олган 10 миллиард долларлик янги инвестиция дастурини ишлаб чиқишни маромига етказиш бўйича келишувга эришилди.
1 миллиард 310 миллион долларлик МТП технологияси асосида метанолдан пропилен ишлаб чиқаришни ташкил этишни назарда тутган ҳолда кимё тармоғида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишларнинг бориши кўриб чиқилди. Жорий йилнинг декабрь ойида лойиҳанинг техник ва технологик параметрларини ишлаб чиқишни жадаллаштириш мақсадида Саудия Арабистони компаниялари делегациясининг ташриф буюриши режалаштирилди.
Тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги ишлар ҳам худди шундай конструктив руҳда муҳокама қилинди. Томонлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 5 та шифохонани реконструкция қилиш, Ал-Ҳабиб тиббиёт академиясини ташкил этиш ва фармацевтика ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш ҳақида фикр алмашдилар. Саудия томони барча тайёргарлик жараёнларини амалга ошириш ва лойиҳа ҳужжатларини шакллантиришни тезлаштириш мақсадида мутахассислар гуруҳини юборишга тайёрлигини билдирди.
Мулоқот чоғида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Иқлим шароити ва тупроқ сифатини ўрганиш бўйича чора-тадбирлар келишиб олинди. Таҳлил натижаларига кўра, Навоий ва Тошкент вилоятларида 1,8 минг гектардан ортиқ майдонда «Al Rajhi International» ва «Ajlan & Bros» компаниялари мутахассислари томонидан илғор тажриба ва технологиялардан фойдаланган ҳолда ишлар бошлаб юборилади.
Томонлар Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси билан Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ўртасида қўшма инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш тўғрисида Битим тузиш, шунингдек, Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси кўмагида Ўзбекистонда Indexга асосланган акциядорлик жамғармасини ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Афғонистонда минтақавий аҳамиятга эга инфратузилмавий лойиҳаларни, жумладан, Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон темир йўл линияси ва Surxon-Puli-Xumri электр тармоғини қуришни амалга оширишга Саудия Арабистони сармояларини жалб қилиш имкониятлари алоҳида кўриб чиқилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар муҳокама қилинган барча лойиҳаларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга содиқлигини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги