Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қишлоқ хўжалигида дронлардан фойдаланилади

2022-11-24 | Жамият

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Япониянинг “Sanctuary” ва “DS Drone School Osaka” компаниялари раҳбари Уэмурa Мaсaтони қабул қилди.

Учрашувда Япония компанияси иштирокида Фарғона вилоятида “ақлли” қишлоқ хўжалиги тизимини жорий этиш, тизимга ахборот технологияларини жорий этган ҳолда дронлар билан тасвирга олиш орқали қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш ҳамда экинларни парваришлаш ишлари самарадорлигини ошириш, дронлар ёрдамида экинларни кимёвий ўғитлашни йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, Фарғона шаҳридаги экошаҳар ҳудудида ушбу компания инвестицияси ҳисобига амалга оширишга киришилаётган Кобе япон ресторани лойиҳаси юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Уэмурa Мaсaто  ўз компанияси томонидан вилоятдаги кластерлар ҳамда фермер хўжаликлари учун дронлар орқали далаларда экин парвариши жараёнлари юзасидан маълумот йиғиш ҳамда таҳлилий мониторинг юритиш, шунингдек, Японияда ишлаб чиқарилган 30 килограмм юк кўтариш қувватига эга қишлоқ хўжалик дронлари орқали экинларни кимёвий ўғитлаш хизматини ташкил этишни режалаштирилаётганини билдирди.

Дастлабки босқичда амалий самарадорликни кўрсатиб бериш учун ушбу хизматлар бепул тақдим этилади, кейин кластерлар билан шартнома асосида иш ташкил этилади. Шунингдек, ушбу тизимни вилоятда жорий этишда зарур мутахассисларни тайёрлаш учун қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган дрончилар тайёрлаш мактабини ташкил этиш ҳамда муваффақиятли битирувчиларга халқаро сертификатлар бериш тизимини жорий қилиш кўзда тутилган.

Қишлоқ хўжалиги тармоғига инновацияларни қўллаш, ишлаб чиқаришни ташкил этишга кўмаклашувчи ушбу лойиҳа вилоят ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланиши билдирилди. Япон компанияси ўз фаолиятини Фарғона шаҳрида ташкил этилган ва йил якунига қадар фойдаланишга топшириладиган вилоят ҳудудий агрохизматлар маркази қошида ташкил этиши белгиланди.

Манба: ЎзА

Поделиться