Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласи кўриб чиқилди
2022-11-21 | Иқтисодиёт
2022 йилнинг 18–19 ноябрь кунлари Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни кўриб чиқилди.
Мазкур Қонун билан «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги ва «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунларга ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 августдаги ПҚ–5210-сон қарори билан аудиторларни сертификатлаш тизимини такомиллаштириш ва Молия вазирлигининг аудиторларни сертификатлаштириш билан боғлиқ функциялари аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларига ўтказилиши билан «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 13 та моддасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 3 та моддасига халқаро тажриба ва амалиётдан келиб чиққан ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 46-моддасидан мажбурий аудиторлик текширувдан ўтказиш нормасини чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда.
Қонунни ишлаб чиқишда илғор хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаси таҳлил қилинган бўлиб, унинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг ҳуқуқини кафолатлашга, улар фаолиятига асоссиз аралашувга чек қўйишга ҳамда мамлакатимизда аудиторлик хизматлари бозорини янада ривожлантиришига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги