Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Коррупцияга қарши кураш: амалиёт, муаммо ва ечим
2022-11-16 | Жамият
“Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш, коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, жамиятга коррупциявий қонунбузарликлар билан боғлиқ масалалар юзасидан келиб тушган 719 та мурожаатнинг 700 таси қонун доирасида ҳал этилган.
“Ўзсувтаъминот” АЖ Ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродовнинг коррупцияга қарши курашиш йўналишида жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар юзасидан берган расмий баёнотда шулар ҳақида батафсил маълумот келтирилган.
Хусусан, ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат бошқармаси томонидан “Жамиятнинг яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича 2022 йилга мўлжалланган “йўл харитаси”, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасини тартибга солувчи 14 та ички норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Жамиятга ходимларнинг ишга қабул қилиш жараёнини очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб ишлаб чиқилган.
– Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда унинг тизим ташкилотларида жами 49 та манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланиб, улардан 42 таси бартараф этилган, қолганлари жойлардаги “Одоб ахлоқ” комиссияларига кўриб чиқиш учун юборилган, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ Ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов. – Шунингдек, жамиятнинг алоқа каналлари орқали ходимларнинг коррупциявий хатти-ҳаракатлари, манфаатлар тўқнашуви ва бошқа коррупциявий қонунбузарликлар билан боғлиқ масалалар тўғрисида келиб тушган мурожаатлар назоратга олиниб, аксарияти қонун доирасида ҳал этилган. Ҳисобот даврида комплаенс назорат бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари инспекторлари томонидан 273 та мониторинг ва назорат тадбирлари ўтказилган. Уларда 37,2 миллиард сўмлик хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган. Аниқланган камомад ва ўзлаштиришлар бўйича жами 5,9 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ва товар-моддий бойликлари Жамият ҳамда унинг ҳудудий корхоналари ҳисоб-рақамларига ундирилган. 24,2 миллиард сўмлик камомад, ўзлаштириш ва талон-тарож ҳолатлари бўйича жами 98 та ҳужжат қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ҳамда унинг тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ички назорат тузилмаларида меҳнат қилаётган жами 23 нафар ходимнинг малакасини ошириш мақсадида улар учун мунтазам равишда махсус ўқув семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Ҳисобот даври давомида комплаенс-назорат хизмати ходимлари томонидан тизим ташкилотлари, маҳаллалар ва таълим муассасаларида мавзуга оид 440 та учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди. Жамият тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг натижаси ўлароқ жорий йилнинг февраль ойида “Ўзсувтаъминот” АЖ "Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими" мавжудлигини тасдиқловчи ISO 37001:2016 ва "Сифат менежмент тизими" мавжудлигини тасдиқловчи ISO 9001:2015 халқаро сертификатларига эга бўлди.
Маълумот учун: истеъмолчилар сув таъминоти тизимидаги коррупциявий ҳолатлар бўйича Жамиятнинг +99855-503-10-55 рақамли “ишонч телефони”, anticor@uzsuv.uz электрон почтаси, @UzsuvAnticorruptionBot телеграмм боти ҳамда “Ўзсувтаъминот” АЖ нинг расмий веб-сайти орқали хабар беришлари мумкин. Келиб тушган ҳар бир мурожаат бўйича зудлик билан тегишли муносабат билдирилиши ҳамда мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Нилуфар Бозорова
Манба: ЎзА