Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазириниг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаевнинг Саудия Арабистони ACWA Power компанияси Бошқаруви Раиси Муҳаммад Абунаян билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш соҳасидаги инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, томонлар Сирдарё иссиқлик электр станцияси негизида қуввати 1500 МВт бўлган комбинациялашган циклли иссиқлик электр стансиясини қуриш лойиҳасини амалга оширилишини, шунингдек Бухоро вилоятида қуввати 500 МВт бўлган иккита шамол электр станциясини қуришга тайёргарлик кўриш жараёнини ўрганиб чиқдилар.
Режалаштирилган чора-тадбирларни амалга оширишни жадаллаштириш ва барча лойиҳаларни тезроқ ишга тушириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирлар кўриш бўйича келишувга эришилди.
Компания томонидан Ўзбекистонда янги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутган ҳолда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Шу нуқтаи назардан, Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 1,5 ГВт гача бўлган шамол электр станцияларини қуриш бўйича янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш имкониятлари тўғрисида фикр алмашилди.
Ушбу лойиҳалар Ўзбекистон ҳукуматининг 2030 йилга бориб шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилаётган электр энергиясини 30 ГВт га етказишга қаратилган мамлакат энергетика балансини диверсификация қилиш дастурининг бир қисми эканлиги таъкидланди.
Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, чиқарилаётган углерод чиқиндиларини йилига 1,6 миллион тоннага камайтириши ва шу билан 2031 йилгача мамлакатнинг энергия қувватининг 40 фоизини қайта тикланадиган энергияга ўтказиш мақсадларига ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Музокаралар якунида қўшма лойиҳаларни жадал амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш ва янги келишувлар ҳамда ташаббусларни ишлаб чиқишга ўзаро интилиш борлиги билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги