Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Рон ван Рооден билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Тимур Ишметов, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров, Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев ҳамда меҳмонлар томонидан ХВЖнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Кевин Росс ҳамда ХВЖ иқтисодчилари Чристине Ричмонд ва Сарвар Аҳмедов иштирок этдилар.
Учрашув давомида мамлакатимизда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар жараёнини давом эттириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, давлат иштирокидаги корхоналар ва банкларни хусусийлаштириш, давлат хусусий шериклик лойиҳаларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонларини хусусийлаштириш жараёнлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, фискал, пул-кредит сиёсати ва бюджет масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувда томонлар барқарор иқтисодий ўсиш борасида Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорлик, бозорларни либераллаштириш, давлат иштирокидаги корхоналарнинг трансформация жараёнлари, энергия барқарорлигини таъминлаш, қулай бизнес муҳитини шакллантириш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, текстил саноатини ривожлантириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашув сўнгида томонлар ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда юқоридаги масалалар юзасидан ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги