Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
13 млн АҚШ долларига тенг экологик тоза қишлоқ хўжалиги техникаси платформасини яратиш лойиҳаси амалга оширилади
2022-11-15 | Иқтисодиёт
Инновацион ривожланиш вазирлиги, "UzTEST" маркази, Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги вакилларидан иборат делегация Корея республикасида ишчи сафарда бўлиб турибди.
14 ноябрь куни сафар доирасида "Ўзбекистон учун экологик тоза қишлоқ хўжалиги техникаси платформасини яратиш" лойиҳасининг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда Корея томондан Корея машинасозлик саноати ассоциацияси (KOAMI), Jeonbuk Technopark вакиллари иштирок этди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан музокараларда Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори Бунёджон Охунов, Илм-фан ва инновацион фаолиятга инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси бошлиғи Умиджон Ҳошимов ва бош мутахассиси Фарходжон Қудратов, шунингдек Сурхондарё вилоят инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шерхон Кичкилов қатнашди.
"Ўзбекистон учун экологик тоза қишлоқ хўжалиги техникаси платформасини яратиш" лойиҳаси Корея юқори технологиялар институти (KIAT) томонидан амалга оширилиб, унинг умумий қиймати 13 млн. АҚШ дол.га тенг. Шундан 10 млн. АҚШ доллари Жанубий Кореянинг ODA дастури беғараз кўмаги асосида, 3,0 млн АҚШ дол. "Ўзавтосаноат" АЖ томонидан молиялаштирилмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида R&D тадқиқот маркази фаолиятини йўлга қўйиш ва Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникаларини экологик тоза сиқилган табиий ёқилғисига ўтказиш кўзда тутилган. Учрашувда марказ фаолиятини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилди.
СТГ-4 газ балонли ускуналарнинг замановий авлоди бўлиб, двигатель учун хавфсиз, кам ҳаражатли ҳамда газ балоннинг ишлашига ҳайдовчининг аралашувини минимал талаб этувчи ускуна ҳисобланади.
Ушбу лойиҳа доирасида R&D-тадқиқот маркази фаолиятини йўлга қўйиш ва Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникаларини экологик тоза сиқилган табиий газ ёқилғисига ўтказиш кўзда тутилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги