Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди

2022-11-14 | Жамият

Бугун, 14 ноябрь куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг 68-сессияси бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган сессия ишида вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят секторлари, тегишли вилоят бошқармалари, ташкилотлари ва муассасалари раҳбарлари, сиёсий партиялар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар студияларидан секторлар раҳбарлари ва тегишли масъуллар иштирок этди. Сессияни  халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқариб борди.

Сессияда  дастлаб “Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йил якунига қадар қилинадиган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг ахбороти эшитилди.

Қайд этилишича, Президентимизнинг жорий йил 28 январдаги “2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” Фармони, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга доир Давлат дастури ҳокимлик фаолияти учун асосий дастуриламал бўлди.
 
Хусусан, вилоятда тадбиркорлик муҳити яхшиланганлиги ҳисобига жорий йилнинг ўтган 9 ойида 13,5 мингта янги субъектлар ташкил этилган бўлса, йил якунига қадар яна икки мингга яқин янги тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг сони 47,5 мингтага етказилади.
 
Тадбиркорлик субъектларига жами 5,9 трлн.сўмлик, шундан “Оилавий тадбиркорлик” дастури бўйича 28,6 минг нафар талабгорларга 662,6 млрд.сўм кредит маблағлари ажратилди.
 
Маълумки, аҳолини бандлиги таъминлаш бугунги кундаги долзарб вазифаларимиздан бири саналади. 2022 йил якунига қадар вилоятда барча соҳа ва йўналишларда 405,5 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади.
 
Нотиқ ўз маърузасида 2023 йилдаги устувор вазифаларга ам тўхталиб ўтди.
 
Жумладан, келгуси йилда “маҳаллабай” ишлаш орқали 8 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъетлари ташкил қилиниши кўзда тутилган. Ҳоким ёрдамчилари томонидан 1,8 трлн.сўмлик 2,5 мингта лойиҳалар пакети шакллантирилган, оилавий тадбиркорлик бўйича 950 млрд. сўм кредитлар, 43,9 млрд.сўмлик субсидиялар режалаштирилаяпти.
 
Тадбиркорлар учун 140 та давлат объектлари, 300 гектар ер майдонлари аукционга чиқарилади.
 
— Тадбиркорларимиз доимо бизнес учун қулай жойдан ер сўрайди. Шунинг учун халқаро аҳамиятдаги йўл бўйларидаги ер майдонларини хатлов қилиб чиққанимизда, 99,8 гектар самарасиз фойдаланиб келинаётган ерлар борлиги аниқланди. Агар шу ерларни тоифасини ўзгартириб, хизмат кўрсатиш учун йўналтирсак, самарадорлик 20 баробар ошади. Умуман, шу каби мавжуд барча имкониятларни сафарбар қилиб, 2023 йилда 75,7 мингта аҳоли бандлигини таъминлашни режалаштирганмиз. Шунингдек, тадбиркорларимиз томонидан 2023 йилда қиймати 25,5 млрд.сўм бўлган 6 та паррандачилик лойиҳаларини ташкил этишда ҳам амалий ёрдам сўралмоқда. Ташаббускорларнинг талабига кўра ҳар бир туманда парранда учун талаб этиладиган озуқа экин ер майдонлари ажратилиб, унда гўшт йўналишида ҳар бири 25 сотихдан иборат бўлган ва 10 минг парранда боқишга мўлжалланган 36 та лотларга бўлинган паррандачилик комплекси ташкил қилинади. Лойиҳа учун зарур инфратузилма (сув, йўл, газ ва электр энергияси) учун бир марталик (50% миқдорда) 100 млн.сўмгача бюджет ҳисобидан субсидиялар ажратилади, – деди Ботир Зарипов.
 
Бундан ташқари, Бухоро туманида 206 млрд.сўмлик йирик логистика марказини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. 2023 йил 1 чорагида ишга тушадиган лойиҳада 200 нафар янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
 
2022 йилнинг 9 ойида 71 та 1 минг 814 та ўринли янги катта-кичик меҳмонхоналар ишга тушиши ҳисобига уларнинг умумий сони 468 тага (5204 та хона, 11935 та ўрин) етди. Вилоятга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2 млн 860 минг (шундан, хорижий сайёҳлар 460 минг нафар, маҳаллий сайёҳлар 2 млн 400 минг нафар) нафардан ошди. Сайёҳлардан вилоят иқтисодиётига 2022 йилнинг 9 ойида 151,0 млн АҚШ доллар даромад келиб тушди.
 
2023 йилда Бухорода ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сонини 900 минг нафарга, маҳаллий сайёҳлар сонини 2,9 млн нафарга, туризм экспорт ҳажмини 200 млн АҚШ долларга етказиш, йил якунига қадар соҳада 22,8 мингта янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
 
Бухоро “Туристик ҳалқа” туризм маршрути бўйлаб 3,8 млн сайёҳ, шундан 900 минг хорижий турист жалб этилади. Пешку тумани Афшона қишлоғида “Туризм шаҳарчаси”, Бухоро тумани “Боғидашт” МФЙда “Янги Ўзбекистон боғи” барпо этиш лойиҳалариига 50 млн доллар инвестиция киритилади.
 
Шунингдек, нотиқ маърузаси давомида 2023 йилда вилоятда саноат соҳасини ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, экспорт кўрсаткичларини ошириш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув хўжалиги, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматларини яхшилаш, автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва яшаш шароитини яхшилаш, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” билан ишлаш, таълим, соғлиқ сақлаш соҳасида бажариладиган ишлар хусусида ҳам батафсил тўхталди.  
 
Кун тартибидан ўрин олган “Вилоятда 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги тўғрисида”ги масала юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари Нарзулло Ҳамдамов ҳисобот берди.
 
Шунингдек, депутатлар вилоят ИИБ бошлиғи Шуҳрат Алиевнинг “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлаш ҳамда вилоятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида”ги ахборотини тинглашди.
 
Шунингдек, сессияда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқишнинг самарадорлиги тўғрисида”ги,  “Вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларини йўналтириш тўғрисида”ги ҳамда сессия ваколатига кирадиган бошқа масалалар кўриб чиқилди.
 
Бу борада депутатларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди.
 
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Манба: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Поделиться