Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Япониялик ёш тадбиркорлар тошкентлик ҳамкасблари билан мулоқот қилишди
2022-11-14 | Иқтисодиёт
Тошкент шаҳар ҳокимлигида JCI Осиё Тинч океани кенгаши ва Нагоя JCI ташкилоти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова иштирок этган тадбирда пойтахтимизнинг турли соҳаларида иш олиб бораётган фаол ёш тадбиркорлар ҳам қатнашишди.
Дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашувда Кунчиқар давлатдан ташриф буюрган меҳмонларга мамлакатимизда ёшлар, ёш тадбиркорларга яратилаётган шарт-шароитлар, уларни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида сўзлаб берилди.
Тошкент шаҳрида йил давомида 35 мингдан ортиқ йигит-қизларнинг турли муаммоларини ҳал этишга эришилди. Хусусан, ёш тадбиркорларнинг фаолиятини бошлашига ёрдам кўрсатилди, олий ўқув юртларида таълим олаётганларига контракт пуллари тўлаб берилди, ишга жойлаштирилди ва бошқа жиҳатдан ижтимоий ҳимояга олинди.
Шунингдек, тошкентлик ёш тадбиркорлар япониялик ҳамкасблари билан таълим, ташқи миграция, консалтинг, санъат, туризм, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан мулоқот қилиб, ўзаро фикр алмашишди.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон ва Япония тадбиркорлари ҳамда бизнес ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Япония ёш тадбиркорлари палатаси (JCI Japan) билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва Тошкент ёш тадбиркорлар палатасини ташкил этиш бўйича Нагоя Ёш тадбиркорлар палатаси ўртасида ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
JCI Осиё Тинч океан кенгаши ва Нагоя JCI ташкилоти вакиллари жорий йилнинг 24 -27 март кунлари ва сентябрь ойида юртимизда бўлишди. Бундай алоқалар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабрь ойида Японияга расмий ташрифи чоғида имзоланган Тошкент ва Нагоя ўртасида ҳамкор шаҳарлар келишувига асосан амалга оширилмоқда.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги