Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Меҳнат шартномасини тузиш учун асослар янада кенгаймоқда

2022-11-11 | Жамият

Президентимиз томонидан 2022 йил 28 октябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси тасдиқланди. 

Фарғонада Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгаш депутатлари, ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари, соҳа мутахассислари иштирокида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Фарғона вилояти ҳокими Х.Бозоров, Бандлик  ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Б.Умрзоқов ва бошқалар мамлакатимизда “инсон қадри учун” эзгу тамойил ҳаётда ўз ўрнини топаётганини қайд этиб, қонунчиликдаги янгиланишлар хусусида сўз юритди.  

Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар қатори меҳнат муносабатлари тизимида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлди. Соҳага институционал, ташкилий-ҳуқуқий, қонунчилик, норма ижодкорлиги ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича кенг кўламли тизимли ишлар олиб борилди.  

Семинарда Меҳнат кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш чоғида 10 дан ортиқ халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари, 60 дан зиёд давлат тажрибаси ўрганилгани, Кодекс лойиҳаси Қонунчилик палатасида 1 йил давомида жуда чуқур таҳлил этилиб, маромига етказилгани қайд этилди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексидаги нормаларнинг асосий қисми ҳаётимизнинг барча соҳасида юз бераётган улкан ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқилиб, уларнинг тўғридан-тўғри ишлашини таъминлашга жиддий урғу берилди.  

– Янги таҳрирда кучга кирадиган кодекс ҳажми амалдагига нисбатан деярли 3 баробар катта бўлиб, 600 га яқин моддани ўз ичига олган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов. – Унга бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар қўшилди. Амалдаги Меҳнат кодексида муддатли меҳнат шартномасини тузиш учун фақат 3 та асос мавжуд. Янги Меҳнат кодексида эса 19 та асослар келтирилмоқда. Ушбу асосларнинг кенгайиши бизнес юритиш ҳамда жадал суръатларда ўзгарувчан бозор шароитларига тезкор мослашиш имконини беради. Шунингдек, амалдаги Кодексда фақатгина ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилишлари бўйича мажбуриятлари кўрсатилган бўлса, янги Кодекс билан иш берувчиларнинг ҳам тегишли мажбуриятлари кўрсатилмоқда.  

Янги кодексдаги нормаларнинг тўғридан-тўғри ишлашида, ҳаётда самарали татбиқ этилишида меҳнат бозори иштирокчилари, ишчи-ходимлар, иш берувчилар, иш изловчилар ҳамда ваколатли ташкилот ва идоралар масъулларига ҳужжатдаги моддаларнинг мазмун-моҳиятини содда, аниқ ва тўғри тушунтириш муҳим аҳамият касб этади. Мазкур семинарда оддий мисоллар ёрдамида Кодекснинг муҳим жиҳатлари, янгиликлари тушунтириб берилди.  

 М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат)

Манба: ЎзА

Поделиться