Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тожикистон элчиси билан учрашув
2022-11-11 | Иқтисодиёт
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзода билан учрашди.
Учрашув чоғида икки биродар мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси сабабли бугунги кунда дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон-Тожикистон муносабатлари жадал ривожланаётгани, янги йўналишларни қамраб олиб, амалий мазмун билан бойиётгани қайд этилди.
Таъкидланганидек, бизнинг халқларимизни умумий тарих, маданият ва маънавий қадриятлар, ўзаро ҳурмат ҳамда яхши қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари бирлаштириб туради. Бу яқинлик Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар учун мустаҳкам замин, асосий тамойил бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзаро дўстона алоқалар эса аниқ амалий қадамлар билан бойитилган ҳолда ўсиб борувчи траектория бўйлаб ривожланмоқда.
Юқори даражада ўрнатилган очиқ, самимий мулоқотлар ҳукуматлараро ва идоралараро ҳамкорликни кучайтириш учун мустаҳкам пойдевор қўйди.
Ўз навбатида Бухоро ва Тожикистон ўртасида маданий-гуманитар ва иқтисодий-ижтимоий алоқалар тобора ривожланиб бормоқда.
Хусусан, бугунги кунда вилоятимиз тадбиркорлари томонидан Тожикистон Республикаси компаниялари билан ҳамкорликда 8 та қўшма ва хорижий корхона фаолият кўрсатмоқда. 2021 йилдаги пандемияга қарамай, минтақамиз ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги ўзаро ташқи савдо айланмаси долларга етди. Хусусан, экспорт ҳажми 8,3 миллион долларни, импорт ҳажми эса 5,2 миллион долларни ташкил этди. Жорий йилнинг 9 ойи давомида эса ўзаро ташқи савдо айланмаси ҳажми 10,7 млн АҚШ долларини ташкил этди ёки 2021 йилга нисбатан 25 фоизга ошди.
Вилоят ҳокими элчи билан мулоқот давомида ўзбек ва тожик халқлари ўртасида маданий-маърифий, таълим-фан соҳаларидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро товар айланмаси ҳажмини бир неча карра ошириш борасидаги қатор таклифларини билдирди. Бунда икки мамлакат ўртасидаги конструктив ҳамкорликни изчил ривожлантиришда Элчининг шахсий ҳиссаси алоҳида бўлишини эътироф этди.
Абдужаббор Азиз Раҳмонзода вилоят раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Элчи мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги биродарлик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги мақсад ва вазифаларни сўзсиз амалга оширишга бундан буён ҳам бор куч-ғайратини қаратишини таъкидлади.
Ташриф дастуридан Абдужаббор Азиз Раҳмонзоданинг Бухоро давлат университети, Бухоро туманидаги “Buxara Varnet” иссиқхона хўжаликлари, Бухоро шаҳридаги “Tibtexnika” фармацевтика, “BCT Cluster” ва “Buxara Agrocluster DZZ” текстил корхоналари фаолияти билан танишуви, шунингдек, Бухоронинг тарихий обидаларига саёҳати ўрин олган.
Манба: Бухоро вилояти ҳокимлиги