Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бир кунда 56 000 туп кўчат экилади
2022-11-11 | Экология
Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимидаги ташкилотларда 11 ноябрь куни “Яшил макон” тадбирлари доирасида “Табиат учун бирлашайлик” шиори остидаги бир кунлик кўчат экиш акциясида 56 000 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилмоқда.
Шу муносабат билан ташкил этилган матбуот анжуманида Спортни ривожлантириш вазири ўринбосарлари Шаҳрулло Маҳмудов, Абдулла Аслонов ва Муроджон Исмоилов журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Унда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йил якунигача юртимиз ҳудудларида 75 миллион дона, келгуси йил баҳор ойларида яна 125 миллион дона мевали ва манзарали кўчатлар экиш белгиланган бўлиб, жорий йил 20 октябрь -1декабрь кунлари юртимизда “Яшил макон” лойиҳасининг “долзарб 40 кунлик” тадбирлари эълон қилинди.
Бир кунлик акция доирасида Спортни ривожлантириш вазирлиги жамғармаси маблағлари ҳиобидан 56 000 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари режага кўра, республиканинг 14 ҳудудидаги спорт мактаблари, Олимпия ва паралимпия марказлари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, спорт федерацияларнинг тегишли майдонлари, ҳудудларида экилади. Спортни ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилаётган “Яшил макон” акциясида спорт ҳамжамиятлари, таниқли спортчилар, мураббийлар, спорт федерацияларнинг вакиллари иштирок этади.
Бир кунлик кўчат экиш акцияси доирасида флешмоб тадбирлари, журналистлар учун пресс-тур тадбирлари ташкил этилади.
Манба: ЎзА