Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда Wildberries савдо-логистика мажмуаси қурилади
2022-11-09 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев энг йирик халқаро маркетплейслардан бири ҳисобланган Wildberries компанияси асосчилари Владислав ва Татяна Бакалчукларни қабул қилди.
Учрашувда Россия компанияси раҳбарияти ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этишди.
Учрашув давомида Россия Федерацияси билан ўзаро савдодаги товар гуруҳлари таркибида сифат жиҳатидан катта ўзгариш рўй бергани ва бугунги кунда уларнинг 70% юқори қўшилган қийматга эга товарлар эканлиги қайд этилди. Ўзбекистон электрон тижорат бозорида талабнинг ўсиши ҳақида сўз борди, унинг ҳажми йил охирига қадар 1 миллиард долларни ташкил қилиши кутилмоқда. Бунинг сабаблари Интернетнинг кенгқамровлиги ва ёш фаол фойдаланувчиларнинг кўплиги билан боғлиқ.
Тайёр ўзбек маҳсулотларини маркетплейс орқали сотиш учун компаниянинг логистика комплексини Ўзбекистонда ташкил қилиш истиқболлари муҳокама қилинди. Тошкент шаҳрида барча тегишли хизматларни кўрсатувчи Wildberries логистика мажмуасини, шунингдек, товарларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш учун божхона ва сертификатлаштириш органларининг «ягона ойна» хизматларига эга саралаш марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 130 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳа ишга тушиши билан 5000 та янги иш ўрни яратилади.
Шу нуқтаи назардан, маркетплейс орқали сотишга чиқариш учун биринчи босқичда ўзбек ишлаб чиқарувчилари томонидан 900 миллион доллардан ортиқ тўқимачилик маҳсулотлари, 121,5 миллион долларлик чарм маҳсулотлари, 172,2 миллион долларлик маиший электротехника буюмлари ҳамда 382,5 миллион долларлик қурилиш материаллари етказиб беришга тайёрлик билдирилди.
Лойиҳани амалга ошириш доирасида компания ўзбекистонлик тадбиркорларни сотувчилар сифатида рўйхатдан ўтказиш имкониятини яратади, электрон платформада ишлаш ва ўз товарлари сотиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўзбек ва рус тилларида ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун онлайн семинарлар ўтказади, шунингдек, янги ўзбек брендларини яратиш фабрикасини ишга туширади. Унда маркетинг тадқиқотлари, бозор таҳлиллари ўтказилади ва тегишли брендлар ишлаб чиқилади.
Маълумот учун: Wildberries компанияси 2004 йилда ташкил этилган ва бугунги кунда универсал форматдаги энг йирик онлайн гипермаркетдир. Маркетплейс орқали кийим-кечак, пойабзал, электроника, болалар ва уй-рўзғор буюмларининг жаҳонда энг машҳур брендлари маҳсулотлари сотилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги