Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янги туғилган чақалоқлар, болалар ва катталарда генетик касалликларни аниқлашда инновацион ёндашувлар жорий этилади
2022-11-07 | Жамият
Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси кўмагида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва клиник диагностика ҳамда генетика соҳасида дунёда етакчи бўлган BGI халқаро компанияси ўртасида янги туғилган чақалоқлар, болаларда ва катталарда генетик касалликларни аниқлаш, шунингдек, оилани режалаштиришда инновацион ёндашувларни жорий этиш мақсадида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Тадбир доирасида кам учрайдиган ва етарлича ўрганилмаган касалликларни неонатал скрининг қилиш, шунингдек аҳоли учун турли генетик тестларни ўтказиш, Даун, Эдварс, Патау каби касалликларни эрта аниқлаш учун ҳомиладор аёлларни ноинвазив текширувдан ўтказиш масалаларини ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилган BGI Genomics қўшма корхонаси расман очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.
«Genscreen» компаниясининг инвесторларидан бири бўлган BGI компанияси 1999 йилда Пекин геномика институти негизида инсон геномини ўқиш бўйича халқаро илмий лойиҳада иштирок этиш мақсадид ташкил этилган бўлиб, 23 йиллик фаолияти давомида Осиё ва жаҳондаги етакчи илмий ва тиббий компанияга айланди. BGI сўнгги 7 йил давомида Nature Index рейтингида Осиё-Тинч океани минтақасида илм-фан ва ҳаёт соҳасида фаолият юритувчи корпорациялар ўртасида 1-ўринни эгаллаб келмоқда. Унинг асосий фаолияти лаборатория диагностикаси, генетика ва микробиология соҳасидаги хизматлардир. Хитой Халқ Республикаси ҳукумати билан ҳамкорлик давомида BGI 10 миллиондан ортиқ инвазив бўлмаган пренатал тест ва 1,5 миллиондан ортиқ неонатал скрининг тестларини ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.09.2019 йилдаги ПҚ-4440-сон «Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ янги туғилган чақалоқлар ва болаларни неонатал ва генетик текширувдан ўтказишни таъминлаш вазифаси илгари сурилди.
- Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги BGI компанияси билан ҳамкорликда «Genscreen» қўшма корхонаси ташкил қилиниб, янги туғилган чақалоқлар, болалар ва уларнинг ота-оналарини неонатал ҳамда генетик скрининг қилиш учун юқори технологияли ва замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозланган лаборатория биноси ташкил этилади, - деди инновацион ривожланиш вазир ўринбосари Шахло Турдиқулова. - Genscreen томонидан жиҳозланган лаборатория базаси йилига 1 миллиондан ортиқ орфан касалликларини текшириш имконини беради ва бу Ўзбекистон Республикасининг ушбу турдаги тадқиқотларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш имконини беради.
Янги туғилган чақалоқларни скрининг қилишдан ташқари, Genscreen ирсий, онкологик, генетик ва клиник касалликларга генетик текширув хизматларини тақдим этади, уларнинг диагностикаси ҳозирда мураккаб жараён ва оддий аҳоли учун тақдим этилмаган. Ҳорижий инвесторлар томонидан 5 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағлари олиб кирилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги