Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Tashkent Book Fest» ярмаркасида Ўзбекистон маданий мероси намойиш этилди
2022-11-04 | Жамият
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти стенди «Tashkent Book Fest» Тошкент халқаро китоб ярмаркасининг энг катта, ёрқин ва энг кўп меҳмонлар ташриф буюрган стендлардан бирига айланди.
Стенддан “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида”, “Ўзбекистон меъморий эпиграфияси” туркумидаги китоблар, шунингдек, қадимий қўлёзмаларнинг факсимиле нашрлари ҳамда “Бекзод”, “Риштон кулолчилиги” ва “Ўзбекистон маданий мероси дурдоналари” китоблари ва тасвирий совға нашрлари ўрин олган.
- Ёшлар тарбиясида китобнинг тутган ўрни беқиёс, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, китобсиз юртнинг келажаги йўқ. Биз, Ўзбекистон адиблари эса давлатимиз раҳбарини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз ва ёшлар имкон қадар кўпроқ китоб мутолаа қилиши учун ҳаракат қиламиз.
- Мен шунчаки ҳайратдаман, – дейди «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров. – Бу янги туйғу эмас. «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги китоблар билан танишман. Аммо айни пайтда ҳамма нашрларни бундай ҳажмда, бунчалик кўп миқдорда кўриб, ҳайратимни яшира олмаяпман. Маданиятимиз, тарихимиз, аждодларимизга шу даражада юксак эҳтиром билан муносабатда бўлинаётгани юксак ҳурмат ва эътирофга лойиқ. Биз ушбу лойиҳани қўллаб қувватлашга ва маданий меросимизни биргаликда асраб-авайлашга доим тайёрмиз.
“Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси Янги Ўзбекистоннинг ташриф қоғозига айланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш ва оммалаштириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси жамоат, давлат ва халқаро ташкилотлар, шунингдек, ижтимоий масъул бизнесни бирлаштириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг юртимиз маданий меросини сақлаш, асраб-авайлаш ва оммалаштиришга доир ташаббуслари амалга оширилаётганининг ёрқин намунасидир. Бугунги кунда лойиҳа дунёнинг 40 та давлатидан 400 нафар олимни бирлаштирган. «Eriell Group» халқаро нефть-сервис компанияси лойиҳанинг бош ҳамкори ва ҳомийси ҳисобланади.
- Мен “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси фаолияти ва ривожланишини узоқ вақтдан бери кузатиб бораман ва у мени тобора кўпроқ ҳайратга солмоқда. Бу ерда жуда кўп қизиқарли маълумотларга эга бўлдим,– дейди kultura.uz сайти муҳаррири Барис Бобоев. – Китоблар бир-биридан қимматли ва ноёб. Бу жуда салмоқли ва шу билан бирга, машаққатли иш. Яқинда Ўзбекистоннинг маданий мероси ҳақида фильм суратга олдик ва унда бу ажойиб лойиҳа ҳақида ҳам сўз боради.
- Қойил қоларли даражада ажойиб нашрлар! Кўриниб турибдики, улар меҳр билан, профессионаллар томонидан ва айнан профессионаллар учун яратилган. Дизайнер сифатида шахсан мен учун бундай китоблар жуда қимматли ва қизиқарли. - дейди АҚШ дан ташриф буюрган дизайнер Александра Деграф. Улардан Ўзбекистон маданияти ва санъати, хусусан тўқимачилигига доир керакли маълумотларни олишим, миллий нақш ва безаклар билан танишишим мумкин. Нашрларнинг гўзаллиги эса кишига ўзгача илҳом бахш этади.
–Стенд жуда мукаммал ва бошқалардан сезиларли даражада фарқ қилади. Бу кўк китоблар жуда машҳур ва таниш, менда уларнинг биринчи 10 та жилди бор, уларни катта иштиёқ билан ўқийман. Безак ишқибози сифатида “Ўзбекистон меъморий эпиграфияси” туркумини кўрганимдан мамнунман. Ушбу китоблар орқали жуда кўп янги ва қизиқарли маълумотларни кашф қилдим, – дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашади блогер, “Тошкент ҳақида мактублар” сайти муаллифи Евгений Скляревский.
Бугунги кунга қадар лойиҳа доирасида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумининг 50 жилдлик китоб-альбоми, 14 жилдлик “Ўзбекистон меъморий эпиграфияси” туркуми, шунингдек, бир қатор совғага мўлжалланган рангтасвирли китоблар нашр этилган.
Манба: ЎзА