Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Иқтисодий форум доирасида мамлакатимиз инновацион экотизимини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди
2022-11-04 | Иқтисодиёт
Ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Иқтисодий форум доирасида АҚШнинг Whiteshield бошқарув кенгаши аъзоси ва ЮНEСКОнинг собиқ Бош директори Ирина Бокова ҳамда Whiteshield компаниясининг ижрочи директори Антонио Сомма билан учрашув ўтказди. Учрашув томонлар учун сермаҳсул ва қизғин руҳда давом этди.
Whiteshield компанияси Европа, Осиё, Африка, ва АҚШ бўйлаб ўндан ортиқ ваколатхоналарига эга бўлиб, дунёнинг етакчи халқаро экспертлар жамоаси билан фан ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалиётга тарғиб этиш бўйича фаолият юритиб келмоқда.
Учрашув доирасида мамлакатимизда инновация соҳасида эришилган ютуқлар ва келгуси беш йил давомида олға сурилган улкан режа ва мақсадлар кўриб чиқилди. Шунингдек, Глобал инновацион индексда Республикамиз ўрнини янада юксалтириш стратегияси бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Whiteshield компанияси томонидан лойиҳа ишлаб чиқишнинг 100 кунлик дастури доирасида Глобал инновацион индексдаги энг асосий 26 та индикаторларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режаси таклиф этилди. Учрашув якунида мамлакатимизни инновацион экотизимини янада такомиллаштириш бўйича узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати