Хитойнинг CNCEC корпорацияси Ўзбекистонда фаолиятини кенгайтиришни режалаштирмоқда
Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаевнинг Хитой Миллий кимё муҳандислик корпорацияси партия қўмитаси котиби ўринбосари, бош директори ва бошқарув кенгаши аъзоси Вен Ган билан Хитой корпорацияси билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилишга бағишланган учрашуви бўлиб ўтди.
Икки томонлама савдонинг ўсиши 2021 йилда 7,4 миллиард доллардан ошгани ҳамда жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 6,8 миллиард долларга етгани таъкидланди. Ушбу факт, ҳар икки мамлакатда ишлаб чиқариш ва экспорт фаолиятини амалга ошириш, шу жумладан хорижий инвесторларнинг фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратилганидан далолатдир.
Томонлар инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш соҳасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг ўсиб борувчи хусусиятини таъкидладилар. Сўз нефт-газ, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацвтика, аграр сектор, енгил саноатда лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида бормоқда, бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон иқтисодиётини технологик жиҳатдан модернизация қилиш ва диверсификациялашни жадаллаштиришга ёрдам беради.
Корпорациянинг "яшил" энергетика, транспорт, инфратузилмавий ривожланиш ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар жорий келишувларни амалга ошириш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича ишларни давом эттиришга ўзаро қизиқиш билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги