Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сенат раиси Қирғизистон Жогорку кенеши раҳбари билан учрашди
2022-10-27 | Сиёсат
Самарқандда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) иштирокчи давлатлари Парламентлараро ассамблеяси сессияси давом этмоқда.
«Буюк ипак йўли» халқаро туризм мажмуасидаги Конгресс марказида бўлиб ўтаётган сессия доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева қатор давлатлар парламентлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказмоқда.
Сенати раиси Танзила Норбоеванинг Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши торағаси Нурланбек Шакиев билан учрашувида икки томонлама ҳамкорлик ва парламентлараро ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Т.Норбоева парламентлараро ҳамкорлик, қонун ижодкорлигининг турли жиҳатлари бўйича ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Жумладан, парламент аъзолари кўмагида, биринчи навбатда, икки томонлама келишувларнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаб, уларни юқори даражада амалга ошириш доирасида янги сезиларли натижаларга эришиш зарур. Бу йўналишда Олий Мажлис ва Жогорку Кенеш ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия муҳим роль ўйнаши керак.
Ўз навбатида, Н.Шакиев Ўзбекистон Республикаси билан дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш Қирғизистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини қайд этди. Ўрнатилган яқин, ишончли алоқалар, тўғридан-тўғри ва мунтазам мулоқотлар шарофати билан барча даражаларда сўнгги йилларда икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда сезиларли ижобий динамика кузатилаётганини таъкидлади.
Учрашувда томонлар чегарадош ҳудудлар депутатлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш, икки томонлама савдо ҳажмини янада ошириш, шунингдек, маданият, таълим, фан ва санъат соҳаларида икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Парламентлараро комиссиянинг учинчи мажлисини 2023 йилнинг бошида Ўзбекистонда ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Манба: ЎзА