Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Аёлларга кўмакдош бўлиб...
2014-11-19 | Жамият
Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида ташкил этилган Аёллар маслаҳат маркази қисқа вақтда маҳаллаларда истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг яқин маслакдошига, кўмакчисига айланди.
Ушбу марказга борганимизда "Шукроналик – фароғат манбаи" мавзусида суҳбат бўлаётган экан. Суҳбат давомида шахснинг оила, фарзандлар, уларнинг келажаги, жамият, ўзи туғилиб ўсган юрт олдидаги бурч ва масъулияти содда, самимий мисоллар билан тингловчиларга тушунтириб берилди. Тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олгач, кўнгиллари тўлиб уйларига қайтишди.
"Маҳалла" хайрия жамоат фондининг Шайхонтоҳур тумани бўлими ҳузурида ташкил этилган мазкур марказ хотин-қизлар ўртасидаги маънавий муҳитни соғломлаштириш, тиббий саводхонлигини ошириш, аёлларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашдек эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. Ушбу муассаса фаолиятида уй бекаларининг турмуш тарзи, дунёқарашини ўрганиш, уларни турли маънавий таҳдидлардан асраш асосий ўрин эгаллайди.
– Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизларни эъзозлаш, уларга доимий ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш, оилаларни кучли ижтимоий ҳимоялаш, баркамол авлодни вояга етказиш масаласига давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилмоқда, – дейди марказ раҳбари Дилбархон Аҳмедова. – Марказимиз фаолият бошлаганига энди олти ой бўлди. Ҳудуддаги аёлларнинг ўз ҳуқуқларини тўлақонли англаши, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришига ҳисса қўшиб келмоқда.
Дарҳақиқат, хотин-қизларга турли ҳаётий муаммоларни ечишда йўл-йўриқ кўрсатиш, уларни маънавий, психологик, ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган ушбу марказ оилаларни мустаҳкамлаш, аҳоли саломатлиги ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Бу ерда ҳафтанинг ҳар сешанба ва пайшанба кунлари жамиятимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг аҳамияти, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оилалар фаровонлигини таъминлаш борасидаги ишлар, аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга оид саъй-ҳаракатлар, миллий-диний қадриятларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи суҳбатлар, семинар-тренинглар ўтказилади. Бу машғулотларга етакчи олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, психологлар, ҳуқуқшунослар, уламолар кенг жалб этилгани аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, ушбу муассасада ҳуқуқшунос, психолог ва шифокор маслаҳати доимий йўлга қўйилгани аёлларни ўйлантираётган масалаларни комплекс тарзда ўрганиш ва ҳал этишда алоҳида роль ўйнамоқда. Ушбу машғулотлар, маърузалар ва давра суҳбатлари, жонли мулоқотлар аёлларни диний экстремизм, гиёҳвандлик, бошқа иллатлардан асраш, улар одам савдоси қурбонига айланишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маҳаллаларда жамоат ташкилотлари томонидан кенг йўлга қўйилган "Оилаларга кириш" сектори фаолияти орқали оилалар, улардаги маънавий муҳит атрофлича ўрганилмоқда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларга мурожаат этган аёллар ушбу маслаҳат марказига тингловчи сифатида юборилмоқда.
– Инсон баъзан руҳий кўмакка, зарур маслаҳатга муҳтож бўлиб қолади, – дейди марказ психологи Муаззам Раҳматуллаева. – Бизга мурожаат қилаётган фуқароларнинг оилавий ҳолати, яшаш шароити, уларни ўйлантираётган масалалар атрофлича ўрганилади. Аксарият ҳолларда оила психологияси, қайнона-келин ўртасидаги муносабатлар, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, репродуктив саломатлик юзасидан бизга мурожаат этаётган аёллар, келинлар кўпчиликни ташкил этади. Машғулотлар жонли мулоқот тарзида ўтказилаётгани ҳаётий масалаларни чуқурроқ ўрганиш ва шунга яраша ечимини топиш имконини бермоқда.
Бу ерда маслаҳатга муҳтож хотин-қизларнинг истагига кўра индивидуал сабоқ олиш имконияти яратилган.
Бандликка кўмаклашиш марказлари, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, тегишли идора ва ташкилотлар билан узвий ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани боис кўплаб хотин-қизлар, коллеж битирувчиларининг ишга жойлашиши, саломатлигини тиклаши, оила мустаҳкамлигини таъминлаш юзасидан ҳам зарур маслаҳат ва ёрдам кўрсатилмоқда.
Марказ шифокори Дилдора Дадахўжаеванинг таъкидлашича, бу ерга мурожаат қилаётган аёллар кўпинча депрессия, стресс ҳолатида бўлгани учун шифокор маслаҳати, зарур тавсияларининг берилиши, қон босими, руҳий ҳолати доимий назоратга олиниши йўлга қўйилган.
– Мураккаб вазиятда қолгандим, – дейди Юнусобод туманида истиқомат қилувчи Ҳ.Қосимова. – Марказдаги суҳбатларда иштирок этиб, ўзимни ўйлантираётган муаммоларга ечим топдим, ҳаётда ўзим илғамаган, қадрига етмаган жиҳатлар мавжудлигини англаб етдим. Бунда малакали мутахассислар иштирокидаги машғулотларнинг аҳамияти катта бўлди.
Марказда мусиқий-маданий тадбирлар ҳам мунтазам ташкил этилиши аёлларнинг руҳиятига мусиқа санъати орқали таъсир ўтказиш, уларни маънавий рағбатлантириш, кайфиятини янада яхшилашда муҳим омил бўлаётир.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда ижтимоий ҳолати, миллати, эътиқоди, дунёқарашидан қатъий назар, барча хотин-қизлар кучли ва ишончли ҳимояда эканининг амалий ифодасидир.
Манба: ЎзА