Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туркий давлатлар ташкилоти: InnoWeek.uz ҳафталигида ақлли шаҳарлар учун ечимлар
2022-10-22 | Инновация
InnoWeek.uz – 2022 халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида “Ақлли шаҳарлар” мавзусида IT-мутахассислари учун экспертлар конференцияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова “Ақлли шаҳар”ни яратишдан кўзланган муҳим мақсадлардан бири аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш, хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш ва аҳоли эҳтиёжларини қондириш эканини таъкидлади.
“Ақлли шаҳар” лойиҳаси бутун дунё бўйлаб кўплаб мамлакатлар дуч келаётган ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал этишнинг самарали усули сифатида қўлланилаётган янги технологияларнинг жорий этилиши даврида, айниқса, долзарб аҳамиятга эга. Жорий йилда Президентнинг “2022–2026-йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори имзоланди. Унинг муҳим йўналишларидан бири – “ақлли” тиббиёт, транспорт, алоқа, қишлоқ хўжалиги, энергетика тизими ва маҳалла каби технологиялар ҳамда IT-ечимларни жорий этиш бўлди. Инновацион ҳудудга айлантириш учун Ўзбекистон бўйлаб 28та туман танлаб олинди. Бу ҳудудларни инновацион туманга айлантиришда замонавий технологиялар, айниқса, “ақлли шаҳар” муҳим аҳамиятга эга.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланган яна бир лойиҳа Корея Республикаси Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги билан ҳамкорликдаги лойиҳадир. Унинг мақсади бош режани ишлаб чиқиш ва Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида “ақлли шаҳар” лойиҳасини амалга оширишдан иборат. Бош режада илғор ахборот-коммуникация технологиялари асосида замонавий шаҳар хўжалиги ва қурилиш объектларини яратиш кўзда тутилган ва бугунги кунда урбанизация жараёнида юзага келаётган муаммоларга самарали ечимлар таклиф этилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги