Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жамиятимизнинг юксалиш бахти
2022-10-20 | Жамият
"Янги Ўзбекистон" газетасида Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамованинг долзарб мақоласи эълон қилинди.
Ҳар бир даврнинг ўз руҳи бўлади. Бугунги замон руҳи инсон қадрини, ўзаро ҳурмат ва азалий қадриятлар фалсафасини ўзида мужассам этган. Эътибор бериб қарасак, янги Ўзбекистонда хотин-қизлар юксак эъзоз топиб, оилалар фаровонлиги ҳар томонлама таъминланаётганини кўрамиз.
Биз бу ҳақда бежиз гап бошламадик. Бугун дунёнинг кўплаб давлатларида Халқаро қишлоқ аёллари куни кенг нишонланади. Чунки БМТ Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги резолюциясига асосан, 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни, деб эълон қилинган. Халқаро ҳамжамият ҳар йили мазкур сана арафасида бутун жамият эътиборини қишлоқ аёлларининг муаммоларига қаратади. Хусусан, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоялаш, гендер тенгликни таъминлашга даъват этади.
Мамлакатимизда ҳам ушбу санани муносиб нишонлаш яхши анъанага айланиб боряпти. Жорий йил Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан махсус ойлик эълон қилиниб, унинг доирасида жойларда турли тадбирлар, учрашувлар, мулоқотлар ўтказилмоқда.
Бу, албатта, битта сана. Муҳими, янги Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг ҳаётий таъсирчан механизми яратилдики, унинг самарасини бирма-бир санасак, бугун катта китоб бўлади.
Яқинда тоғли қишлоқда бўлдик. Булоқлардан ҳосил бўлган сойнинг икки қирғоғида жойлашган оддий уйлар цивилизация нафасини яшириб туради. Шундай уйлардан бирига кириб, яшаш шароити билан танишдик. Кир машина, музлаткич, кондиционер, чангютгич, мини-печ, суюлтирилган газ билан тўла баллон, хуллас бир рўзғор учун нима керак бўлса, бари муҳайё. Мана янги Ўзбекистонда хотин-қизлар сиёсатига, хусусан, қишлоқ аёлларига қаратилаётган эътибор маҳсули.
Шунда Президентимизнинг 2017 йил апрель ойида Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида айтган бир гапини эсладим. Давлатимиз раҳбари замонавий чангютгичлар ишлаб чиқарадиган “Coven Elektro” масъулияти чекланган жамиятида бўлганида, оилалар маиший техникалар билан таъминлангани аёллар турмуш даражаси асосий кўрсаткичларидан бири эканини таъкидлаган эди.
Бу, бир қарашда оддий эшитилади, лекин теран мулоҳаза билан ёндашсак, замирида ниҳоятда катта маъно, кўп йиллик орзу-истаклар мужассам эканини сезиш мумкин.
Бир тасаввур қилайлик, ўша йиллардаги қишлоқ аёлларининг орзу-умидлари қанақа эди? Биз ҳам, аввало, аёлмиз, онамиз, уйда фарзандлар тарбияси, рўзғор ишлари билан шуғулланамиз. Шу боис, хотин-қизларнинг ўй-фикрлари – ўзимизники. Хуллас, бундан олти йил аввал қишлоқ аёли фарзандини боғчага юборишни ўйламас, ҳатто орзу қилмас эди.
Бугун ҳолат бутунлай бошқача. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 38-мақсадида мактабгача таълимдаги қамровни ҳозирги 67 фоиздан камида 80 фоизга етказиш мақсад қилинган. 2026 йилга келиб эса 6 ёшли болаларни 100 фоиз мактабгача тайёрлов тизимига жалб этиш кўзланмоқда.
Шу ўринда, олис қишлоқларда ҳам боғчалар иш бошлаганини алоҳида мамнуният билан айтишимиз керак. Бу янги Ўзбекистон тарихига катта олтин ҳарфлар билан битиб қўйиладиган ниҳоятда буюк воқелик бўлди. Негаки, шу пайтгача миллат боласига бу қадар кенг қамров билан эътибор қаратилмаган.
Агар тарихга назар солсак, айтайлик, Нуротанинг Оқтов ёнбағридаги қишлоқларда ҳеч қачон боғча бўлмаган, бу ҳақда ўйланмаган ҳам. Бугун шу тоғли қишлоқларда ҳам боғчалар очилаётгани кимни қувонтирмайди, дейсиз.
Яқинда Оқтов бағридаги қишлоқлардан бирида туғилиб, бугун Тошкентда ижод қилаётган шоир танишимиз билан суҳбатлашиб қолдик. “Ота-онамдан ҳол-аҳвол сўрамоқчи бўлиб телефон қилсам, келинимиз олди. Неваралар катта бўлаяптими, десам, “каттаси мактабгача тайёрловга боряпти, кичиги боғчада”, деса бўладими. Ҳайрон бўлдим, сўнг ҳайратимни яширолмадим: нима бизнинг қишлоқда ҳам боғча очилдими?!”, дейди у.
Энди, бу янгиликнинг ижтимоий аҳамияти ҳақида гапирадиган бўлсак, аввало, қишлоқ аёлининг кўнгли тўқ яшай бошлаганини таҳлил қилсак ярашади. Янги ислоҳотлар давригача қишлоқ аёлларининг юзида буюк қайғу зоҳир эди. Эртага фарзанди ким бўлади, қандай ўқийди, олий маълумот оладими йўқми ёки шу чангу ғубор кўчалар билан қоришиб яшайдими? Шу каби оғриқли саволлар ота-оналар юрагини эзиб келган. Умидсиз кайфиятда эса ҳафсаласиз тарбия муҳити пайдо бўлади. Бу – миллатни инқирозга етакловчи, қашшоқликни келтириб чиқарувчи омиллардан бири.
Бугун бошқача. Қишлоқ аёли юзида зўр умид уйғонганини, келажакка ишончи ортганини кўрасиз. Бу биргина мактабгача таълим тизимининг ҳаётбахш натижаси эди.
Аслида, ўтган беш-олти йилда хотин-қизларнинг ҳаётини тубдан яхшилаш, уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини таъминлаш борасида жуда катта, мисли кўрилмаган тарихий ислоҳотлар амалга оширилди. Аёлни эъзозлаш, оғирини енгил қилиш, ҳаёт йўлларида ҳамиша тиргак бўлиш умуммиллий вазифага, давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатини муҳофазалаш, оналик-болаликни асраш, эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, бандликни таъминлаш, хотин-қизлар таълим олиши ва ўз истеъдодини намоён этиши учун зарур шароит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар бунга мисолдир.
Табиийки, ёруғ келажакни кўзлаб амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар қисқа муддатда ўз самарасини намоён этмоқда. Опа-сингилларимизнинг жамиятда фаоллиги тобора ортиб бораётгани, гендер тенглик борасида эришилаётган натижалар бунга яққол мисолдир.
Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги эзгу ишлар давомийлигини таъминлаш ва янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Айни пайтда мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тизимли иш олиб бориляпти.
Бу жараёнда, аввало, соҳадаги ишларнинг ҳуқуқий асослари такомиллашмоқда. Шу пайтга қадар 10 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди ва ижрога қаратилди. Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик меморандумлари ва қўшма дастурлар имзоланди. Бу йўналишда амалий ишлар бошлаб юборилди. Бугунги кунга қадар маҳалла хотин-қизлар фаоллари томонидан фуқаробай олиб борилган ўрганишлар натижасида 479 минг 496 муаммо қайд тилиб, уларнинг 318 минг 492 таси ҳал этилди.
Хотин-қизларнинг таълим олиши, иқтидорини рўёбга чиқариш мақсадида хotin-qizlar.uz платформаси яратилиб, ушбу тизим орқали эҳтиёжманд оилалардаги илмга интилган хотин-қизларнинг 35 минг 689 нафарига тавсиянома берилди. Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган, лекин олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизларни имтиёзли асосда давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш мақсадида белгиланган мезонлар асосида 28 минг 664 нафари олий ўқув юртида ўқишга тавсия этилди.
Бахти бекам, иқболи гулгун аёллар
Илгари қишлоқ аёли ҳақида гап кетганда, саҳардан шомгача далада меҳнат қилиб косаси оқармаган, қўли қадоқ жафокаш инсонни тасаввур қилардик. Ёки рўзғор юмуши билан банд бўлиб, ҳатто ўз соғлиғи ҳақида қайғуришни ҳам унутган, озиб-тўзиган ночор ожиза қиёфаси кўз олдимизда гавдаланарди. Бугунги тасаввурларимиз эса бутунлай бошқача. Аввало, қишлоқ ҳудудларни обод қилиш борасида амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирлар самарасида қишлоқ аёллари шаҳардан кам бўлмаган шароитда яшаш ва меҳнат қилиш имконига эга бўлмоқда.
Қишлоқ жойларда ҳам замонавий андозалар даражасида намунавий уйлар барпо этилди. Тоза ичимлик сув тармоқлари тортилди. Илгари ҳуда-беҳуда ўчиб қоладиган электр энергияси таъминоти йил сайин яхшиланяпти. Аҳоли замонавий ахборот технологиялари имкониятидан самарали фойдаланмоқда. Интернет тармоғи орқали дунёнинг исталган бурчида рўй бераётган янгиликлардан воқиф бўлмоқда. Шу билан бирга, таълим олиш, касби бўйича малака ошириш имконига эга. Қишлоқларда ҳам тадбиркорликнинг турли йўналишлари ривожланмоқда. Айниқса, томорқадан унумли фойдаланиб оила даромадини ошириш имконияти кенгаяётир.
Чекка ҳудудларда яшаётган хотин-қизларни касб-ҳунарга, тадбиркорликка йўналтириш қўмитамиз фаолиятининг ҳам муҳим йўналишидир. Бу борада жорий йилнинг ўтган даврида “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари”нинг 159 филиали ташкил этилди. Бугунги кунга қадар улар томонидан жами 75 минг хотин-қиз ўқитилди. Марказлар фаолиятини ташкил этиш учун Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси томонидан 5,8 миллиард сўм молиялаштирилди.
Аҳоли орасида тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни бартараф этиш борасидаги ишлар опа-сингилларимиз ҳаётига ҳам маъно-мазмун олиб кирди. Бугунги кун аёллари давлатимиз томонидан яратилаётган ҳар бир имкониятдан оқилона фойдаланиб рўзғорига барака олиб киришга интилади. Бу жараёнда уларга маҳаллаларда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари ва хотин-қизлар фаоллари ҳам кўмак бериб келаётир.
Хусусан, қўмитамиз ва унинг жойлардаги тузилмалари саъй-ҳаракати билан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида Бандлик марказларига мурожаат қилган ва уйма-уй юриш давомида аниқланган 380 минг 236 ишсиз хотин-қиз рўйхатга олиниб, аксариятининг бандлиги таъминланди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 89 минг 782 хотин-қиз тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бугунги кунга қадар улар томонидан 173 минг 165 янги иш ўрни яратилди.
Қарийб 90 минг аёлга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида жами 1 триллион 866 миллиард сўмдан кўпроқ имтиёзли, 85 минг 32 нафарига эса тижорат банклари маблағлари ҳисобидан 2 триллион сўмдан ошиқ кредит ажратилди.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлашда Самарқанд шаҳри мисолида “Бир ҳунарманд аёлга – ўнта шогирд” лойиҳаси амалга оширилди ва унинг натижалари асосида ушбу лойиҳа бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилди. Лойиҳа доирасида ҳудудларда 30 минг 800 дан зиёд ишсиз хотин-қиз ва 7941 ҳунарманд аёл аниқланиб, уларнинг 21 минг 601 нафари ҳунарманд аёлларга шогирд сифатида бириктирилди ҳамда 5278 нафари ўзини ўзи банд қилишга жалб этилди.
Оқила опа-сингилларимизнинг ҳаёти фаровонлигини оширишга оид бундай хайрли ишларда давлат ва нодавлат ташкилотлар қатори халқаро тузилмалар ҳам кўмак бераётгани қувонарли, албатта. БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ана шундай яқин ҳамкорларимиздан бири. Улар билан ҳамкорликда Мўйноқ, Бўзатов, Қўнғирот туманларида “Аёллар дафтари”га киритилган қизларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича семинар-тренинг ўтказилди. Унда қатнашган 250 хотин-қиздан 10 нафарининг бизнес режаси молиялаштирилди. Айни пайтда, ушбу жамғарманинг 383 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағи ҳисобидан чегараолди ҳудудлардаги қишлоқ аёлларининг бизнес лойиҳалари босқичма-босқич молиялаштирилмоқда.
Саломатлик – бебаҳо бойлик
Аёл қачон бахтли бўлади, қачонки, ўзи ва фарзандлари, яқинлари соғ-саломат бўлса. Соғлом бўлишнинг эса омиллари кўп. Улардан энг муҳими малакали бирламчи тиббий-профилактика хизматидан фойдаланиш имкониятидир. Президентимиз томонидан белгиланган бирламчи тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш ва улар тармоғини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ижроси доирасида 2022 йилда 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиника, шунингдек, 1002 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиши белгиланган эди. Жорий йилнинг ўтган 9 ойида бу йўналишда 81 та оилавий шифокорлик пункти, 25 та оилавий поликлиника, 1002 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Натижада 3,5 миллион аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилди.
Йил якунигача ҳудудларда яна 30 та оилавий поликлиника, 298 та маҳалла тиббиёт пункти фаолияти йўлга қўйилади. Бунинг натижасида қўшимча 700 минг аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилади.
Ўз навбатида, қўмитамиз тизимида ҳам бу йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хонадонларда соғлом турмуш тарзига риоя этилиши бўйича “Хонадон гигиенасини баҳолаш” электрон платформаси яратилди. 2 миллион аёл онкоскрининг текширувидан ўтказилди ва касаллик аниқланганлар соғломлаштиришга жалб қилинди. Оилаларимиз фариштаси бўлган меҳрибон бувижонларимиз саломатлиги муҳофазаси ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Жумладан, ҳозиргача қарийб 650 минг онахон чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, 12 минг 178 нафарининг санаторийларда даволаниши ташкил этилди, 7989 нафарига реабилитация воситалари тақдим этилди.
Аҳолининг эҳтиёжманд қисми ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида 208 та туман (шаҳар)да 17 та вазирлик ва идоралар масъулларидан иборат таркибда Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни жорий қилиш штаблари ташкил этилди. Фарғона вилояти мисолида маҳаллада ижтимоий хизматларни яхлит тизимини яратиш мақсадида “Оила баланси” намунаси яратилди.
Хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасида маҳаллаларда 9200 та спорт тўгараги ташкил қилинди. Бунда стол тенниси, бадминтон, баскетбол, шахмат-шашка тўгаракларини йўлга қўйиш учун жами 7,3 миллион сўмдан зиёд субсидия маблағлари ажратилди. Шунингдек, хотин-қизлар ўртасида, меҳнат жамоаларида спорт фестиваллари ўтказилди.
“Аёллар дафтари”нинг имкониятлари
Президентимизнинг ҳар бир ислоҳоти замирида, аввало, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шароит яратиш, муаммоларини ҳал этиш ғояси мужассам. Давлатимиз раҳбари одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шароитларни яратиш бош мақсадимиз эканини бот-бот таъкидлайди. Ислоҳотлар бутун халқимизга, барча аёлларимизга етиб бориши ва яратилган имкониятлардан қишлоқ аёли ҳам, шаҳар аёли ҳам бирдек баҳраманд бўлиши лозимлиги кўп бор уқтирилади.
Қишлоқ аёлининг ҳаёт тарзини юксалтириш борасида БМТ Глобал кун тартибининг 2030 йилгача бўлган давр учун белгилаган Барқарор ривожланиш мақсадларида эътибор қаратилган ва бу йўналишда ўзимизнинг миллий мақсад ва вазифаларимиз акс этган ҳужжатлар ҳам талайгина. Шунингдек, ҳозирда қишлоқ жойларида оилаларга шароит яратиш, чека жойларда инфратузилма ва маиший ҳаёт тарзини юқори савияда бўлишини таъминлаш борасида алоҳида дастурлар, молиялаштирилган лойиҳалар йўналтирилмоқда.
Шаҳар ва қишлоқдаги маиший ҳаёт тарзи ўртасидаги тафовутни камайтириш борасидаги ислоҳотларни жадаллаштиришда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари, “Аёллар дафтари” каби ижтимоий лойиҳалар ҳам ўз самарасини беряпти. Бунинг натижасида қишлоқ аёлининг маиший ҳаёт тарзи шаҳар аёлининг ҳаётидан кам бўлмаслигини таъминлашга замин яратмоқда, десак муболаға бўлмайди.
Қолаверса, “Аёллар дафтари” юритилиши, аввало, ҳеч бир аёлнинг эътибордан четда эмаслигига исбот. “Аёллар дафтари”да энг аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар манфаати бирламчи ҳисобланади. Шу боис, дафтарга киритилганларнинг катта қисми қишлоқ аёллари улушига тўғри келади. Улар учун бўш иш ўринлари яратишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш, ноанъанавий экинлар етиштириш, томорқа ерлардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, иссиқхоналар ташкил этиш, чорвачиликни ривожлантириш йўналишларидан фойдаланиш назарда тутилган.
“Аёллар дафтари” воситасида ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз аёлларга ёрдам кўрсатилади. Бу тизим ҳар бир фуқаро учун шахсий истакларини давлат ва ҳокимият тузилмаларига ўз овози билан айтиш имконияти ҳисобланади.
“Аёллар дафтари” боқувчисини йўқотган, зиммасига оилани боқиш ва тирикчилик юки тушган, фарзандларига ҳам оталик, ҳам оналик меҳрини бераётган, хўжалик юритишнинг оғир масъулияти остида эзилган, сурункали касаллик билан оғриган аёлларимиз, опа-сингилларимизнинг оғир юкини енгиллаштирмоқда.
Дафтарга ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар эҳтиёжидан келиб чиқиб киритилади. Ҳозирда республикамиз бўйича “Аёллар дафтари”даги 644 минг 849 хотин-қиздан 598 минг 794 нафарига турли ёрдам кўрсатилди. Хусусан, 207 мингдан зиёд хотин-қиз ишга жойлаштирилди, 38 минг нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредит ажратилди, 160 мингдан кўпроғига бир марталик моддий ёрдам берилди. Шундан 3742 аёлнинг уй-жойи таъмирланди. 1- ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлардан 115 минг 937 нафарига моддий ва тиббий ёрдам кўрсатилди. Эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 2 минг 170 нафари уй-жой билан таъминланди, 6 минг 100 нафарига ижара компенсацияси тўлаб берилди. Томорқадан унумли фойдаланиш учун ҳам амалий ва моддий ёрдам кўрсатиляпти.
Гендер тенглик – фаровонлик асоси
Гендер тенгликни таъминлаш барқарор ривожланишга эришишнинг муҳим шартидир. Шу боис, сўнгги йилларда жамиятда бу масалага эътибор кучайди. Соҳада ишларни ташкил этишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари такомилаштирилмоқда. Бу вазифаларни амалга ошириш қўмитамиз фаолиятининг ҳам муҳим йўналиши. Шу мақсадда изчил иш олиб борилмоқда. Жумладан, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини кенг тарғиб қилиш учун гендер масалалари бўйича 140 тренер ҳамда 28 та тарғибот гуруҳи шакллантирилди.
“Гендер-мадад” электрон ҳуқуқий маслаҳат платформаси ҳамда унинг мобил иловаси ишга туширилди. Уларга “Аёллар ҳуқуқий ҳимояси”, “Гендер тенглик”, “Аёлларга имтиёзлар”, “Оилавий муносабатлар” ва “Оилавий зўравонлик” каби ҳуқуқий мавзуларга оид маълумотлар базаси жойлаштирилди ҳамда ҳуқуқий маслаҳатларни онлайн чат орқали бериш тизими йўлга қўйилди.
Мақсадимиз – иллатнинг илдизини қирқиш
Бугунги кунда ҳаётимиз фариштаси бўлмиш опа-сингилларимиз бахтли ва тўкис ҳаёт кечириши учун давлатимиз томонидан барча шароитларни яратиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шубҳасиз, бу ишларнинг самараси ҳаётимизда доимо бўй кўрсатиб туради. Опа-сингилларимизнинг бахтли ҳаёти, шодон чеҳраси, улкан манзилларни кўзлаган гулгун нигоҳлари бунинг нишонаси. Бироқ аҳён-аҳёнда бўлса-да, бу шодумонликка соя соладиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Оилада, жамиятда аёлга нисбатан рўй бераётган зўравонлик, таҳдид бунинг исботи.
Бундай ҳолатлар қонунларимизга ҳам, миллий қадриятларимизга ҳам, менталитетимизга ҳам бутунлай зиддир. Шу боис, шундай ҳолатлар рўй берса, жамоатчилигимиз орасида жиддий акс-садо беради.
Ўз навбатида, бу иллатга қарши курашиш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишига айланган. Миллий тажриба ва халқаро андозалар асосида қонуний асослар яратилиб, амалий ишлар олиб бориляпти. Жумладан, қўмитамиз фаолиятида ҳам бу муаммога қарши курашиш муҳим йўналиш ҳисобланади. Жорий йилда шу мақсадда ҳамкор вазирликлар билан биргаликда умумтаълим мактабларида ҳуқуқий маданиятни ёшликдан шакллантириш бўйича қисқа муддатли ўқув дастури, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар билан ишлашга оид ўқув материаллари ишлаб чиқилди.
Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка муросасизлик муносабатини шакллантириш, ҳуқуқий нигилизмга барҳам бериш ва фуқароларнинг қонунга итоаткорлик ҳиссини кучайтириш мақсадида маҳаллалар ва ташкилотларда қатор тадбирлар ўтказилди. Чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи аёлларга ижтимоий реабилитация қилиш хизматини кенгайтириш мақсадида 28 та ҳудудий ва намунали туманлараро марказлар қошида 181 та “Ижтимоий маслаҳатхона”лар ташкил этилди. Ушбу марказлар орқали 5000 дан зиёд хотин-қизга маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган ва ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган хотин-қизлар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида иш олиб бориляпти. Маҳаллаларда хотин-қизлар ва уларнинг яқин қариндошлари ўртасида олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 249 минг 993 мигрант хотин-қиз ўз уйига қайтарилди. Мақсад – аёллар ва оила тақдирига соя солаётган салбий иллатлар олдини олиш, оилаларда тинчлик, тотувлик муҳитини яратиш. Бу йўналишдаги ишлар изчил давом этади.
Хулоса
Сўзимизни Халқаро қишлоқ аёллари куни билан боғлиқ сана ҳақидаги маълумотлар билан бошлаган эдик. Дарҳақиқат, қишлоқ аёллари куни халқаро миқёсда нишонланиши замирида ҳам ўзига хос маъно бор. Зеро, қишлоқ аёлининг меҳнати шаҳар аёлиникига нисбатан бироз машаққатли. Ҳатто ривожланган давлатларда ҳам қишлоқ аёллари уй ишларидан ортиб далада, томорқасида, нисбатан оғирроқ ишларда меҳнат қилади, фарзандларини меҳнатга ўргатади. Қишлоқ аёлининг, таъбир жоиз бўлса, маош тўланмайдиган “ишлари” кўп. Шунингдек, қишлоқларда ишсизлик, гендер тенглигига амал қилмаслик, инфратузилма етарлича ривожланмагани каби муаммоларга нисбатан кўпроқ дуч келинади. Шундай экан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла рўёбга чиқариш учун, аввало, қишлоқларда яшаётган аёлларнинг ҳаётини янада енгиллаштириш, муаммоларига ечим топиш, орзу-умидлари рўёбга чиқишига кўмаклашиш жамият олдидаги муҳим вазифа бўлиб қолаверади.
Табииийки, бу масала мамлакатимиз учун ҳам муҳим. Чунки, юртимиз аҳолисининг қарийб ярми қишлоқларда истиқомат қилади. Шу боис, қишлоқ аҳолиси турмуш фаровонлигини оширишга оид ишлар йилдан йилга такомиллашиб боради.
Бир сўз билан айтганда, дунёда хотин-қизлар сиёсатини олиб бориш йўлида “Ўзбекистон тажрибаси” бўй кўрсатди. Қиёси йўқ бу тизим давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Адолат ва кучли ижтимоий сиёсат хотин-қизларимизга чинакам бахтли яшаши учун кенг имкониятлар яратди.
Манба: «Янги Ўзбекистон»