Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамкорлигида Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси, БМТ Тараққиёт дастури иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси ишга туширилди.
Ҳудудларда қишлоқ аҳолисининг асосий инфратузилма сифатини ошириш ва лойиҳа қамраган қишлоқлардаги ҳаётий фаолиятни таъминловчи хизматлар сифатини яхшилаш, хусусан, йўллар қурилиши, транспорт инфратузилмасини, инженерия ва коммуникация тармоқларини ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик иншоотлар қаторига кирувчи мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, кишлок врачлик пунктлар ва электр-коммуникация тизимларини яхшилаш мақсадида ишлаб чиқилган “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси ишга туширилди.
18 октябрь куни Тошкентнинг Ҳилтон меҳмонхонасида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамкорлигида Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси, БМТ Тараққиёт дастури иштирокида ташкил этилган лойиҳанинг “Очилиш маросими” бўлиб ўтди.
Тадбирда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ислом тараққиёт банки, БМТ Тараққиёт дастури вакиллари, вилоят ва туман ҳокимликлари, фуқаролик жамияти, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар, вазирлик ва идоралар ҳамда Ўзбекистон Республикасида ўз фаолиятини олиб бораётган халқаро молия институтлари ва донорлар вакиллари иштирок этдилар.
Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси (46 та МФЙ), Хоразм (49 та МФЙ), Бухоро (41 та МФЙ) ва Навоий (34 та МФЙ) вилоятларининг 20 та туманидаги 170 та МФЙ (40 та марказий, 130 та ёндош маҳалла)ларда амалга оширилади. Бунда, ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш, реконструция қилиш ва таъмирлаш кўзда тутилган.
Тадбир давомида “Қишлоқ жойларини барқарор ривожлантириш” лойиҳасининг пировард мақсади – давлатимиз ва жамиятимизнинг барча соҳа ва йўналишларида ҳурматли Президентимиз томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” ғоясини ҳаётга тадбиқ этишни кўзда тутган ҳолда, лойиҳа доирасида қишлоқ ва маҳалла аҳоли пунктларида ичимлик суви таъминоти, электр таъминоти иншоатларини, йўл-транспорт инфратузилмасини, ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш, ҳудудларни комплекс ривожлантиришга хизмат қилиши, шунингдек, лойиҳанинг афзалликларидан бири сифатида унинг жойларга чиқиб, аҳолининг эҳтиёжларини ўрганиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилганлини мисол қилиб кўрсатиш мумкин эканлиги алоҳида таъкидланди.
Мисол учун, лойиҳа доирасида Қоралпоғистоннинг Тўрткўл туманида 10 минг аҳоли истиқомат қиладиган Пахтачи ОФЙда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ҳудуддан ўтган темир йўл устидан кўприк барпо этиш, Тахиатош туманинг Дўстлик маҳалласида кичик истироҳат боғи қуриш, Бухоро вилоятининг Бухоро туманида 7 минг аҳолига эга бўлган Талалиён маҳалласида аҳолининг эҳтиёжлари асосида суғориш тизимини реконструция қилиш бўйича лойиҳалар шакллантирилган.
Лойиҳа доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг лойиҳани амалга ошириш даврида инфратузилмани барқарор бошқариш билан боғлиқ тадбирларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкори этиб белгиланган бўлиб, хусусан, маҳаллий архитектура лойиҳа институтлари ва ҳудудий қурилиш бошқармалари вакилларини тайёрлаш, гендер нуқтаи назаридан инновацион IT-ечимлар ва рақамли трансформацияни жорий этиш учун қурилиш сектори ва архитектура дизайни салоҳиятини ошириш ва бошқалар юзасидан ҳамкорлик олиб боради.
Шунингдек, БМТТД ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Барқарор ривожланиш мақсадлари юзасидан иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва иш билан таъминлаш, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги бир қатор масалаларни ҳал қилиш билан биргаликда камбағалликни йўқ қилишга ҳар томонлама ёрдам бериш орқали “Барқарор инфратузилмани яратиш, инклюзив ва барқарор саноатлаштириш ва инновацияларни ривожлантириш” масалалари бўйича яқиндан ҳамкорлик олиб боради.
Ҳозирги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ҳамкорлигида 42 тажриба (пилот) МФЙ да жамоа сафарбарлиги ишлари якунланган бўлиб, уларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди ҳамда 170 та бирламчи ва долзарб бўлган сублойиҳалар танлаб олинди. Шунингдек, жорий йилнинг якунига қадар 66 та ва 2023-йил 1 ярим йилликда 62 МФЙда бирламчи ва долзарб сублойиҳалар аниқланиши кўзда тутилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги