Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Кудратов Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири ўринбосари Бадр ал-Бадр билан видеоконференсалоқа тарзида музокаралар ўтказди.
Учрашувда икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўллари, шунингдек, жорий йилнинг август ойида Саудия Арабистонига бўлиб ўтган олий даражадаги ташриф натижаларига кўра лойиҳаларни амалга ошириш бўйича эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этилиши кўриб чиқилди.
Икки давлат ўртасидаги инвеститсиявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Бугунги кунга қадар Ўзбекистонда Саудия Арабистони капитали иштирокида 38 та корхона фаолият юритмоқда. Охирги 5 йил ичида уларнинг сони қарийб 5 баробар ошди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистондаги 5 та лойиҳасининг умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ ва умумий қуввати 4,1 GVt дан кўпроқ бўлган ACWA Power компанияси билан ўзаро ҳамкорликнинг эришилган натижаларини юқори баҳолаб, томонлар ушбу лойиҳаларни жадаллаштиришга ва қайта тикланадиган энергия манбалари салоҳиятини оширишга қаратилган янги инвестиция дастурини амалга оширишга келишиб олдилар.
Худди шундай тарзда, Sabic, Dr. Sulaiman Al-Habib Medical Group, Al Rajhi International, Ajlan & Bros, Al Hokair Group, Jamjoom Pharma ва бошқалар билан кимё саноати, тиббиёт ва фарматсевтика саноати, қишлоқ хўжалиги ва чакана савдода лойиҳаларни амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати таҳлил қилинди. Шунингдек, мавжуд келишувларни фаол амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга ўзаро тайёрлик билдирилди.
Учрашув якунлари бўйича муҳокама қилинган барча келишув ва лойиҳалар бажарилишининг ҳар кунги мониторингини олиб бориш ва ижросини тезлаштириш доирасида чора-тадбирлар кўриш бўйича келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги