Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбек тили ва адабиёти бўйича Халқаро олимпиада бошланди
2022-10-17 | Маданият
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорликда Ўзбек тили ва адабиёти фанидан халқаро олимпиада ташкил этилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ва халқаро миқёсда ўзбек тилининг нуфузи тобора юксалмоқда. Ўзбек тилининг жамиятимизда кенг қўлланилиши билан бир қаторда хорижлик фуқаролар томонидан ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда.
Бугунги кунда дунёнинг 60 дан ортиқ университетлари ва марказларида ўзбек тили курслари фаолият олиб бормоқда. Ушбу марказларни ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар томонидан яратилган ўзбек тилини ўрганишга оид адабиётлар билан таъминлаш тизими йўлга қўйилган.
Президентимизнинг 2021 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янада янги босқичга олиб чиқмоқда.
Мазкур фармон билан тасдиқланган “2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2020-2022 йилларда амалга ошириш дастури” ижросини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш, фан ва таълимдаги ҳамкорликни кучайтириш орқали чет эллик ёшларнинг ўзбек тилига бўлган қизиқишини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида талабалар ўртасида Ўзбек тили ва адабиёти бўйича Халқаро фан олимпиадасини ўтказиш йўлга қўйилди.
Олимпиадада хорижий ва мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган чет давлат фуқароси бўлган (миллати ўзбек бўлмаган) бакалавр босқичи талабалари иштирок этмоқда.
Олимпиада ҳар йили ўтказилиши белгиланган. Бу йилги Халқаро олимпиадага 10 га яқин давлатдан 45 нафар чет эллик талабгорлардан аризалар келиб тушганлиги қувонарли. Жумладан, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Афғонистон, Қозоғистон, Тожикистон, Япониядаги олий таълим муассасаларида ўқиётган ва ўзбек тилини ўрганаётган талабалар иштирок этмоқда.
Уларнинг билим, кўникма ва малакалари Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади. Тақдим этилган маълумотларга кўра, Ҳакамлар ҳайъатига ўзбек тили ва адабиёти бўйича чет эллик тажрибали мутахассислар жалб қилинган. Хусусан, Азизуллоҳ Арол (АҚШ), Шафиқа Ёрқин (Швеция), Ҳусайн Каба (Туркия), Алмаз Улви Биннатова (Озарбайжон), Тўрали Қидир (Қозоғистон), Дарья Жигульская (Россия). Шунингдек, ўзбек тили ва адабиёти бўйича ўзбекистонлик етакчи олимлар ҳам ҳайъат таркибида иштирок этмоқда.
Халқаро фан олимпиадасини ўтказишга Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети масъул бўлиб, барча тайёргарлик ишлари олиб борилди.
– Ўзбек тилининг жозибадорлиги, софлиги, ранг-баранглигини сақлаш бурчимиздир, – деди олий ва ўрта махсус таълим вазири маслаҳатчиси Одинахон Жамолиддинова. – Бунда ёшларни китобга кенгроқ жалб этиш, давлат тили бўлмиш она тилимизга ҳурмат билан муносабатда бўлишга даъват этишга катта эътибор қаратилмоқда. Олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўқитиш сифатини такомиллаштириш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Сир эмаски, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ёшларнинг ўзбек тилини бузиб ишлатаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Шундай ҳолатларнинг олдини олишда, ёшларда ўзбек тилига ҳурмат туйғуларини шакллантиришда турли ижодий танловлар, онлайн мусобақалар, билимлар беллашувлари, викториналарни тизимли ташкил этишга аҳамият қаратилмоқда.
Ўзбек тили ва адабиёти фанидан Халқаро олимпиада икки кун давом этади.
Назокат Усмонова
Манба: ЎзА