Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Баҳрайн ва Кувайтда зафар қучган спортчиларимиз тантанали кутиб олинди
2022-10-17 | Спорт
Ўтаётган йил мамлакатимизга спорт соҳасида янги-янги зафарларни тақдим этаётгани билан аҳамиятли.
Истеъдодли ёшларимизнинг Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида, «Осиё болалари» ва «Ислом бирдамлиги» спорт ўйинларида ҳамда бир қатор спорт турлари бўйича ўтказилаётган жаҳон ҳамда қитъа чемпионатларида муваффақиятга эришиши ислоҳотлар самарали кечаётганини кўрсатмоқда.
Бу куни кеча Баҳрайнда оғир атлетика бўйича катталар ўртасида ҳамда Кувайтда 18 ёшгача бўлган енгил атлетикачилар иштирокида ўтказилган Осиё чемпионатларида янада ёрқинроқ ўз ифодасини топди.
Оғир атлетикачиларимиз Олимпия чемпионлари Руслан Нуруддинов ва Акбар Жўраевсиз Осиёнинг тенгсиз жамоаси эканлигини кўрсатди. Худди шунингдек, енгил атлетикачиларимиз жуда ёш ва интилувчан жамоа билан 18 ёшгача бўлганлар ўртасидаги қитъа чемпионатида 5 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронзани қўлга киритиши мамлакатимиз енгил атлетика тарихида ўзига хос воқеалик бўлди.
Ўзбекистон спортининг янги зарварағини очган спортчиларимиз бугун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Мусиқа садолари, юзлаб спорт ишқибозлари, спортчиларнинг ота-оналари, яқинлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган кутиб олиш маросимида ғолиб спортчилар ва уларнинг мураббийларига гулдасталар туҳфа этилди.
– Баҳрайн баҳсларида медаллар сарҳисобида азалий рақибларимиз Хитой ва Эрон жамоаларини ортда қолдирган ҳолда пешқадамликка эришдик. Аммо, ушбу чемпионат ютуқларимиз қатори камчиликларимизни, айрим вазнларда қатнашган ёш спортчиларимизнинг тажрибасини ошириш борасида ҳали кўп меҳнат қилишимиз кераклигини ҳам кўрсатди, – дейди оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи, «Соғлом авлод учун» ордени соҳиби Жўрабек Зоиров.
– Енгил атлетикачиларимиз ўзига хос натижага эришди. Айтишим лозим, бу йил истеъдодли спортчимиз Шарифа Давронова юксак ғалабаларга эришди. Бундан аввал, жорий йил ёз ойида ёшлар ўртасида жаҳон чемпионлигини тантана қилган ёш спортчимиз ундан кейин сентябрда ўтган «Ислом бирдамлиги» ўйинларида ватанимиз шарафини улуғлади. Мана энди, қитъа чемпионатида 2 та олтин медалга сазовор бўлди. Унинг сафига Барнохон Сайфуллаева, Нодир Норбоев, Дилшода Усмонова каби ёшларимизнинг қўшилганлиги эса юртимизда спорт турлари маликаси бўлган енгил атлетикадан янги юлдузлар етишиб келаётганлигини англатмоқда, — дейди енгил атлетика бўйича тажрибали мутахассис Ҳасанбой Ортиқов.
Кутиб олиш маросимида қатнашган Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси ўринбосари Андрей Абдувалиев ва бошқалар оғир ва енгил атлетикачиларимизнинг қитъа чемпионатларида зафар қучиши, ёш енгил атлетикачиларимиз Шарифа Давронова, Барнохон Сайфуллаева, Нодир Норбоев, Дилшода Усмонова, чемпион оғир атлетикачиларимиз Адҳамжон Эргашев, Достон Ёқубов, Муҳаммадқодир Тоштемиров, Турсуной Жабборова, Шарофиддин Амриддинов қайд этган натижалар янги ғалабаларга йўл очишини, қитъа ва Олимпия ўйинларида, Жаҳон чемпионатларида қўлга киритилажак ютуқларга замин бўлишини таъкидлашди.
Тўлқин Рўзиев
Манба: ЎзА