Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ ҳудудларида аёлларнинг расмий бандлигини таъминлаш - жиддий масала
2022-10-15 | Жамият
Пойтахтимизда “15 октябрь—Халқаро қишлоқ аёллари куни” муносабати билан “Қишлоқ ҳудудларида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш истиқболлари ва аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги иштироки” мавзусида халқаро форум ўтказилди.
Тадбирда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, айниқса, чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган аёллар турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг муаммоларига ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратиш, қишлоқ жойларда хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш учун яратилган имконият ва шарт-шароитлар борасида сўз борди.
Форум ишида Олий Мажлис Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Нарбаева иштирок этди.
Жумладан, Сенат Раиси иштирокчилар эътиборини хотин-қизларнинг бандлик масаласига қаратиб, қишлоқ ҳудудларида аёлларимиз орасида норасмий секторда банд бўлганлар кўпчиликни ташкил этаётгани, уларнинг расмий бандлигини таъминлаш жиддий масала эканини, бу ўз ўрнида уларнинг муносиб ҳақ олиши, ишончли ижтимоий ҳимояси ва пенсия таъминотини янада яхшилашга хизмат қилишини алоҳида қайд этди.
Т.Нарбаева ҳудудларда яшайдиган қизларимизнинг олий маълумотга эгалигига даражасига тўхталиб, “ҳозирги кунда республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг сони 365 минг нафарни ёки, жами талабалар сонига нисбатан 47 фоизни ташкил этаётгани ёмон кўрсаткич эмаслиги, аммо буни янада яхшилаш, айниқса илмий даражага эга бўлган хотин-қизлар сонини оширишга эришиш лозим”, – дея таъкидлади.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари қишлоқ ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий юксалишида, хусусан, аграр соҳада мамлакатимиз экспорт салоҳияти ва саноатини юксалтиришда хотин-қизларнинг роли, қишлоқ аёлларининг соғлиғини мустаҳкамлаш, оналик ва болалик муҳофазаси ва ижтимоий ҳимоясига оид амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режаларни муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати
Манба: «Янги Ўзбекистон»