Халқаро ва маҳаллий экспертлар Ўзбекистонда электр энергиясининг улгуржи рақобатбардош бозорини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар
Бугун, 14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида “Электр энергияси бозорига ўтиш бўйича халқаро тажриба ва Ўзбекистонда электр энергетикаси бозорига ўтишнинг истиқболлари” мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Молия вазирлиги, Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар, энергетика соҳаси корхоналари ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида бугунги кундаги натижалар ва ҳукумат томонидан мамлакатимиз электр энергетикасини яна-да модернизатсия ва ислоҳ қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда режалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг кириш сўзида таъкидланганидек, сўнгги бир неча йил ичида мамлакатимиз энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бўйича кўплаб ютуқларга эришилди. Шу билан бир қаторда яна бир муҳим масалага алоҳида эътибор бериш керакки, бозор муносабатларига ўтиш ва рақобатбардош энергия бозорини яратиш бўйича кўп ишлар қилиниши лозимлиги таъкидланди.
Тадбирда Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси экспертлари иштирок этди. Иккала ташкилот ҳам Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлиб, ҳукуматга мамлакат энергетика соҳасини модернизация ва ислоҳ қилишда молиявий ва маслаҳат ёрдамини тақдим этади.
Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ва Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича Глобал энергетика амалиёти менежери Судешна Гош Банержи хоним Жаҳон банки Энергетика вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, хусусий инвесторлар ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда электр энергиясининг улгуржи бозорини ривожлантиришда молиявий ва маслаҳат ёрдамини кўрсатиш бўйича аниқ режа ва вазифаларни амалга ошириш учун тизимли ишлар олиб борилишини таъкидлади.
Маълумот учун: Ҳозирда Жаҳон банки кўмагида Ҳукумат энергетика соҳасида умумий қиймати қарийб 1,2 миллиард АҚШ доллари бўлган қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Уларнинг мақсади – электр энергетикаси инфратузилмасини модернизация қилиш, саноат корхоналари ва жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш, шаҳарларда яна-да самарали иситиш ва иссиқ сув хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, хусусий инвесторлар иштирокида қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасини ривожлантиришдан иборат.
Тадбир давомида тингловчиларга Туркия, Арманистон, Лотин Америка давлатлари ва Шарқий Европада электр энергиясининг улгуржи бозорини ривожлантириш бўйича илғор хорижий тажрибалар тақдим этилди. Хусусан, ушбу давлатларда Жаҳон банки гуруҳи энергетика соҳаси ислоҳотларини ишлаб чиқиш ва уни модернизация қилиш учун хусусий инвестицияларни жалб қилишда муҳим рол ўйнагани таъкидланди.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистонда электр энергиясининг рақобатбардош бозорига ўтиш бўйича, жумладан, ушбу соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун зарур институционал ва қонунчилик шароитларини яратиш бўйича “йўл харитаси” лойиҳаси тақдим этилди.
Ўзбекистон шароитида халқаро экспертлар электр энергияси бозори трансформациясини жадаллаштириш, мустақил хусусий операторлар томонидан электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш имкониятларини кенгайтириш муҳимлигини, шунингдек, энергетика корхоналарини молиявий соғломлаштириш ва модернизация қилиш зарурлигини, бутун мамлакат бўйлаб якуний истеъмолчиларни, жумладан, уй хўжаликлари, корхоналар ва хусусий секторни барқарор ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қила оладиган компанияларга айлантириш кераклигини таъкидладилар.
Тадбир сўнгида Жаҳон банкининг тегишли соҳавий ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш қатъияти яна бир бор тасдиқланди. Икки томонлама ҳамкорлик юқорида қайд этилган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни якунлашга ҳам қаратилади. Уда электр энергетикаси соҳасининг самарали фаолият юритиши учун қонунчилик, институционал ва тартибга солиш механизмларини такомиллаштиришга кўмаклашиш, эскирган инфратузилма объектларини янгилаш ҳисобига электр энергияси йўқотишларини камайтириш, шунингдек, ушбу соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида электр энергиясини ишлаб чиқариш ва узатиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришни яна-да қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги