Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Нима учун органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш керак?

2022-10-14 | Экология

Сўнгги пайтларда бутун дунёда органик маҳсулотлар, органик деҳқончилик каби атамалар оммалашиб бормоқда. 

Органик қишлоқ хўжалиги деганда ўзи нима назарда тутилади? Органик мева-сабзавотларни етиштириш агротехнологияси, амалда кенг қўлланилаётган анъанавий агротехнологиядан фойдаланиб етиштирилган маҳсулотлардан нимаси билан фарқ қилади?
 
Айни пайтда ҳар қандай мамлакат аҳолисининг 80-90 фоизида саломатлик кўрсаткичлари бўйича меъёрдан оғиш кузатилади. Бунинг муҳим сабабларидан бири – юзага келган овқатланиш тизими ҳисобланади. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига мансуб, шунингдек соғлом овқатланиш тарзига риоя қилмайдиган инсонларда кўплаб витаминлар, минерал тузлар, антиоксидантлар ва бошқа биологик фаол моддалар етишмаслиги аниқланмоқда.
 
Миллат саломатлиги инсоннинг овқатланиши ва истеъмол қилаётган маҳсулот сифати ва хавфсизлик кўрсаткичлари меъёрларига боғлиқлиги ҳисобга олинган ҳолда, аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилади. Мамлакатимизда ушбу йўналиш бўйича жорий йилнинг апрель ойида қабул қилинган “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Қонун доирасида тартибга солинади.
 
Экологик омиллар
 
Органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришда аввало иқлим, тупроқ, релеф шароити ҳамда сув таъминоти сингари омиллар инобатга олинади. Экологик шароитларга боғлиқ равишда тоза маҳсулот етиштириш суғориладиган, лалми, сизот сувлари ер юзасига яқин жойлашган, шўрланган, эрозияга мойил ерларда амалга оширилади.
 
Органик маҳсулот ишлаб чиқаришда тупроқ соғлом, унинг табиий унумдорлиги юқори (балл боннитети 60 дан кўп) бўлиши керак, тупроқ зичлиги, ғоваклиги, гумус, микроорганизмлар, органик моддалар миқдори кабиларга қатор талаблар қўйилади.
 
Органик маҳсулотлар етиштиришда сувга қўйиладиган талаблар
 
Ўзбекистонда сув сифатини интеграл баҳолаш учун сув ифлосланиши индексидан (СИИ) фойдаланилади. Республикамизда қабул қилинган таснифлашга кўра, ер усти сув объектлари 7 тоифага бўлинади:
 
жуда тоза (СИИ-0,3 ва ундан кам);
тоза (СИИ-0,31-1,0);
ўртача тоза (СИИ-11-2,5);
ифлосланган (СИИ-2,51-4,0);
нотоза (СИИ-41-6,0);
жуда нотоза (СИИ-61-10,0);
ҳаддан ташқари нотоза (СИИ-10,0 дан кўп).
 
Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда 1-3 тоифадаги сувлардан фойдаланиш тавсия қилинади.
 
Минерал ўғитлар таъсири
 
Қадимда ер жуда ҳосилдор, турли минераллар, ўғитларга бой бўлган. Сўнгги пайтларда табиий минераллар билан тўйинган ерларни топиш муаммоли масала. Энг бой ва тўйинган ерлар вулқонларга яқин жойлашган, денгиз тубидаги ерлар ҳисобланади.
 
Ерни бойитиш мақсадида менерал ўғитлар меъёридан ортиқча солинганда, уларнинг асосий қисми ўсимликлар билан ўзлаштирилади, қолган қисми эса тупроқда экинлар ўзлаштира олмайдиган шаклда тўпланиб қолади. Нитрат ва фосфат тузлари шаклига ўтади. Улар сув таъсирида аста-секин эриб, ернинг чуқур қатламларигача (12 м гача) сув билан етиб бориб, сизот сувларига қўшилади ва уларни ифлослантиради. Ерга фосфорли ўғитлар берилганда фақат фосфат тузлари сифатида тўпланмасдан, балки оғир металлар ҳам тўпланишига олиб келади.
 
Йиллар давомида кимёвий моддаларни меъёридан ошиқ қўллаш оқибатида тупроқ заҳарли моддаларга тўйиниб боради, тупроқдан ўсимлик илдизи орқали бутун органларига тарқалади ва ўсимликнинг ҳосили таркибида белгиланган меъёрлардан юқори миқдорда сақланади. Ушбу заҳарли кимёвий моддалар ўсимликларга ва бошқа барча тирик организмларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.
 
Шу боис ҳам органик деҳқончиликда турли кимёвий моддалар қўлланилиши тақиқланади. Бунинг ўрнига тоза, табиий ўғитлар (гўнг, сомон, компостлар, сидерат экинлар ва бошқа органик маҳсулотлар)дан фойдаланилади.
 
Алмашлаб ва навбатлаб экиш
 
Органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга махсус экологик омиллар ҳисобга олинган ҳолда ердан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириб боришга эътибор қаратилади.
Жумладан:
ҳар бир экин турларини тупроқ иқлим-шароитларига боғлиқ ҳолда тўғри жойлаштириш;
органик маҳсулот ишлаб чиқариш учун ресурс тежамкор технологиялар билан ерга ишлов бериш, органик ўғитлардан кенг фойдаланиш, сидератлар экиш, асосий экинлар орасида ҳамкор экинлар етиштириш;
тупроқ унумдорлигини ошириб бориш мақсадида шўрланиш, заҳланиш ва ботқоқланиш, тупроқ эрозияси, тупроқнинг заҳланиши, тупроқни турли чиқиндилар билан ифлосланишини олдини олиш тадбирларини қўллаш;
органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришда экин майдонларидаги бегона ўтларга, зараркунандаларга ва касалликларга қарши биологик, агротехник кураш чораларини қўллаш.
иқлим шароитига мослашган, касаллик ва заракунандаларга чидамли маҳаллий юқори иқтисодий самара берувчи экин турлари ва навларини етиштириш муҳим саналади.
 
Сидерат ўғитлардан фойдаланиш
 
Органик деҳқончиликда дуккакли-дон экинлари махсус экилиб, етиштирилади ва ерга сидерат ўғит сифатида тўшалади.
 
Сидерат ўғитларнинг афзалликлари шундаки:
тупроқда органик моддалар кўп тўпланади;
тупроқдаги микроорганизмларни ривожланишига қулай муҳит яратиб, озуқа моддаларни умумий шаклдан ўсимлик ўзлаштирадиган ҳаракатчан шаклга ўтказишга шароит яратади;
сидерат экинларнинг илдиз тизими тупроқнинг чуқур қатламларидаги минерал озуқа моддалар заҳираларини шакллантиради;
тупроқнинг механик-физик ва микробиологик хосса ва хусусиятларини яхшилайди;
сидерат ўғитлар экин майдонларидаги намликни сақлаш натижасида сувни тежаб сарфлашда ҳам катта аҳамиятга эга.
 
Сидерат ўғитлари сифатида беда, соя, ловия кабилардан кенг фойдаланилади.
 
Уруғлик тизими. Органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришда уруғчилик тизими катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам етиштириладиган ҳар бир экиннинг уруғи юқори навли ва сифатли бўлишини таъминлаш зарур.
 
Умуман олганда, органик дехқончилик – бу деҳқончиликни табиий жараёнлар асосида юритишдир. Бунга экин майдонларини кўпроқ органик ўғитлар солиш, шудгорлашни ўтмишдош экин ва экин турларига боғлиқ ҳолда амалга ошириш, кўкат ўғитларидан кенг фойдаланиш, тупроқнинг механик-физик  хоссаларини ошириш, (чуқур юмшатиш, тупроқ қатламлари бўйича ҳар хил чуқурликка органик моддалар солиш, келиб чиқиши манбаси органик чиқиндилардан ташкил топган яшил ўғитлар билан ер устини мулчалаш), экинларни суғоришда илмий асосланган суғориш тартибларидан фойдаланиш, суғориш усуллари ва элементларини тўғри танлаш, тупроқда фойдали микроорганизмларни кўпайтириш кабилар киради.
 
Юртимизда бу йўналиш нисбатан янги бўлишига қарамай, истиқболлидир. Ривожланган давлатларда бундай маҳсулотлар анъанавий агротехнологиядан фойдаланиб етиштирилган маҳсулотларга нисбатан қимматроқ нархларда сотилишини инобатга олсак, бу йўналишда фаолият юритишга қарор қилган аграр соҳа вакиллари даромадларини сезиларли даражада ошириш имконига эга бўлишади.
 
Бу қизиқ! Ривожланган давлатларда ҳатто органик экинларни ҳимоялашга мўлжалланган махсус техника воситалари мавжуд. Масалан, фермерлар экин ниҳол чиқаргунга қадар бегона ўтларни ёқиб юборувчи ёки босим остидаги ҳаво билан уларни жойидан учириб юборувчи машинадан фаол равишда фойдаланишмоқда.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Поделиться