Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бугун, 11 октябрь — Халқаро қизлар куни
2022-10-11 | Жамият
2012 йилдан бери ҳар йилнинг 11 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Халқаро қизлар куни этиб белгиланган.
Ундан кўзланган мақсад – турли мамлакатларда қизларнинг камситилиши муаммосига жаҳон ҳамжамияти эътиборини жалб қилишдан иборат. Қизларнинг таълим олиши, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқлардан, тиббий хизматдан фойдаланишига имкон бериш учун дунё аҳлининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳам бу сананинг моҳиятини ташкил этади.
Бугунги кунда мамлакатимизда қизларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг тўлақонли таълим олишлари, ўзлари қизиққан касб-ҳунарга эга бўлишлари, қобилиятларини рўёбга чиқаришлари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда.
Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида қизларни болаликданоқ соғлом ўсишларини таъминлаш, уларнинг тиббий саводхонлигини ошириш борасида изчил чоралар кўрилмоқда.
Таълим соҳасида ҳам қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, жорий йилда улар учун олий ўқув юртларида махсус қўшимча қабул квоталари жорий этилди. Билимга интилган ёшлар, шу жумладан қизларга олий маълумот олиш имконини бериш мақсадида 2019/2020 ўқув йилида 59 та олий ўқув юртида сиртқи курслар фаолияти йўлга қўйилди. Бу айниқса қишлоқ қизлари ва аёллари учун жуда муҳим имконият бўлди.
Шунингдек, қизларимизни эрта турмуш билан боғлиқ муаммолардан асраш мақсадида никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун тенг – 18 ёш деб белгиланди. Умуман, Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилиб, бу йўналишдаги мунтазам мониторинг олиб борилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси